Наманган вилоятида 2020 йил 23 мартдан 1 июлга қадар коронавирус инфекциясига чалиниш билан боғлиқ 300 та ҳолат қайд этилган бўлса, 1 июлдан то шу кунга қадар касалланганларнинг умумий сони 442 тага етди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят аҳолисига қилган телемурожаатида маълум қилди, дея хабар беради «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Бозоровнинг қайд этишича, ҳозирда даволанаётган 124 кишидан 108 нафарининг ҳолати қониқарли бўлиб, 16 нафар бемор билан боғлиқ вазият ўрта ва оғир дея баҳоланмоқда.

«Июль ойида коронавирус инфекциясига чалиниш билан боғлиқ кунига 20-25 тагача ҳолат кузатилди. Бу нимадан далолат беради? Карантин талаблари юмшатилганининг нотўғри талқин қилингани, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этилмагани шундай оғир асоратларга олиб келди. Наманган вилояти тиббий ниқоблар ишлаб чиқариш бўйича республикада биринчи ўринда туради, айрим корхоналаримиз бу маҳсулотни ҳатто хорижга ҳам экспорт қилмоқда. Лекин ўзимизда баъзан ниқобларни тақмай ё номига тақиб юрибмиз. 30 кишилик тўйларга рухсат берилганда эса ҳар соатга ўттиз кишидан меҳмон айтиш бошланди. Бу билан кимни алдамоқчи бўляпмиз? Биринчи галда ўзимизни эмасми?», — деди вилоят ҳокими.

Хайрулло Бозоров Япония ва Жанубий Кореяда коронавирус инфекциясига қарши курашда эришилаётган ютуқларга эътибор қаратар экан, уларнинг замирида оммавий тадбирлардан тийилиш, оралиқ масофани сақлаш, қўл бериб сўрашмаслик, ниқоб тақиш ва шахсий гигиенага риоя этиш каби оддий қоидалар ётганига урғу берди.

— Тошкентдаги олийгоҳлардан бирида таҳсил олган курсантларнинг таътилдан қайтиши хонадонлардан бирида тўйга айланиб кетган. Қариндош-уруғ, ошна-оғайнилар йиғилиб келган. Оқибатда ҳозиргача 10 дан ортиқ кишида коронавирус аниқланди. Хориждан қайтган яна бир ҳамюртимиз 14 кунлик карантин талабларини унутиб, яқинларининг уйига борган, улар уни йўқлаб келган. Бу билан ушбу фуқаро 30 нафардан ошиқ кишига инфекция юқишига сабабчи бўлди. Шундай ачинарли ҳолатлар кўзимизни очиши, айтилаётган талаб ва тавсияларга қатъий риоя этишга ундаши керак, — деди вилоят ҳокими.