Миллиардер Жефф Безос билан ажрашганидан кейин Amazon компаниясининг 4 фоиз улушини олган Маккензи Безоснинг бойлиги компания акциялари нархи ўсиши фонида 62,3 миллиард долларга етди, дея хабар берди «РБК».

Фото: Global Look Press

Қайд этилишича, 2—9 июль кунлари Amazon акциялари нархи 10 фоизга ўсди, натижада компания раҳбари ва дунёнинг энг бой одами Жефф Безоснинг бойлиги 16,2 миллиард долларга ўсиб, 188,2 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, акциялар нархи ўсиши сабаб Безоснинг собиқ рафиқаси Маккензи Безос Walmart асосчиси Эллис Уолтоннинг қизини ортда қолдириб, АҚШнинг энг бой аёлига айланди.

Ажрашганидан сўнг Маккензи Безос эри эгалик қиладиган Amazon акцияларининг тўртдан бирини – 36 миллиард долларга тенг қисмини олган. Шундан бери акциялар нархи кўтарилиб, унинг бойлиги деярли икки баравар кўпайган.

Аввалроқ дунёдаги энг бой одамларнинг умумий рейтингида ўзгаришлар юз берди. Ушбу ҳафтада SpaceX асосчиси ва Tesla компаниясининг бош директори Илон Маск рўйхатда еттинчи ўринга кўтарилиб, бир вақтнинг ўзида бир нечта миллиардерлардан, жумладан, Уоррен Баффет ва Осиёнинг энг бой одами Мукеш Амбанидан ўзиб кетган ҳақида хабар берилган эди.

Бу ҳолат 10 июль куни Tesla акцияларининг 11 фоизга ўсиши фонида Маскнинг бойлиги 6,1 миллиард долларга кўпайганидан кейин юз берди. Энди унинг бойлиги 70,5 миллиард долларга баҳоланмоқда.