Андижон вилоятида UzAuto Motors АЖга катта пул эвазига ишга киритиб қўйишни таклиф қилган шахс қўлга олинди, дея хабар қилди Тергов департаменти.

Қайд этилишича, Асака тумани «Янгисор» МФЙда яшовчи 38 ёшли А. ўзига олдиндан таниш бўлган 49 ёшли Т.нинг ишончига кириб олади. А. 2020 йилнинг январь ойида Т.нинг ўғли ва жиянларини Асака туманида жойлашган UzAuto Motors АЖга ишга олиб кириб қўйишини ваъда қилади.

Шундан сўнг, Т.нинг 3 700 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.

Мазкур ҳолат юзасидан Асака туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» (Фирибгарлик) банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва етказилган моддий зарарни қоплаш масаласи кўрилмоқда.