Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида нохуш ҳидлар тарқалаётни ҳолати юзасидан Миллий гвардия ва Тошкент шаҳар ИИББ масъул ходимларидан иборат ҳамкорликдаги Ишчи гуруҳ ташкил этилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» каналида маълум қилинди.
Ишчи гуруҳ келиб тушган мурожаатлар асосида 7—8 июль кунлари Тошкентнинг бир қатор ҳудудларида соат 22:00 дан 03:00 га қадар рейд тадбирларини ўтказган. Тадбир давомида пойтахтнинг айрим ҳудудларида ёқимсиз ҳиднинг тақалишига нима сабаб бўлаётгани аниқланган. Хусусан, Чилонзор тумани «Оқтулпор» маҳалласида фаолият юритаётган гилам тўқиш цехида тунги вақтда бўяш ишлари амалга оширилиши, туманнинг «Эшонгузар» маҳалласидан ўтувчи канализация қувури ёрилганлиги ҳамда туманнинг 11-даҳасидаги 40-уйнинг олдида канализация қувурининг очиқ қолгани ёқимсиз ҳидларнинг тарқалишига сабаб бўлаётгани маълум бўлган.
Шунингдек, Бектемир тумани сувни қайта ишлаш корхонасининг тунгги вақтда иш фаолияти олиб бораётгани ва туман ҳудудидаги кичик корхонада томат пастаси ишлаб чиқарилиши жараёнида атрофга нохуш ҳид таралаётгани кузатилган.
Ҳолатлар юзасидан Ишчи гуруҳ томонидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олиниб, муаммоларнинг бир қисми жойида ҳал этилган. Шу билан бирга, юқоридаги ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотларга тегишли тақдимномалар киритилиб, қисқа муддатларда муаммоларни ҳал этиш сўралган.
Изоҳ (0)