Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтнинг бир қатор кўчаларида таъмирлаш ишлари бошлангани сабаб ҳайдовчиларни огоҳлантирди.
Хусусан, Ҳайдар Алиев (Темир йўлчилар) кўчасида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари сабаб 10 июль соат 08:00 дан Сарикўл кўчасидан Озарбайжон маданият марказигача бўлган қисми ҳаракатланиш учун қисман ёпилади.
Таъмирлаш ишлари икки кун давом этади. Икки йўналишдаги ҳаракатланиш йўлнинг бир томони бўйлаб амалга оширилади.
Бундан ташқари, Сағбон кўчасидаги таъмирлаш сабаб Нурафшон кўчасидан Фаробий кўчасигача бўлган қисми 10 июль соат 08:00 дан ҳаракатланиш учун икки кунга қисман ёпилади.
«Тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида ҳайдовчиларга айланма йўллардан фойдаланишлари тавсия қилинади. Пойтахт ҳокимлиги юзага келган ноқулайликлар учун узр сўрайди», — дейилади хабарда.
Аввалроқ 10 июлдан бошлаб Ўзбекистонда кескин карантин чекловлари қайта кучга кириши, турли кўча ва маҳаллаларга блокпостлар ўрнатилиши, шахсий автомашиналардан фойдаланишга белгиланган вақтларда рухсат берилиши туфайли Тошкент шаҳрига кириш-чиқишдаги постлар яқинида, шунингдек, пойтахтнинг марказий кўчаларда тирбандликлар кузатилаётгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)