Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Жиззах шаҳрида карантин талабларини кучайтириш тўғрисида Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг қарори қабул қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, вилоят ҳудудида сўнгги кунларда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сони ортиб бораётгани, айрим туманлар «қизил» тоифали ҳудудлар таркибига киритилгани инобатга олиниб, вилоят штаби қарорларига мувофиқ, Жиззах шаҳрида 4 июль соат 00:01 дан бошлаб карантин чоралари кучайтирилди.
Жиззах шаҳрига кириш ва чиқишни назорат қилиш учун қўшимча йўл-патруль хизмати стационар постлари ва блокпостлари ташкил этилади. Кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилади.
Ташкил этилган йўл-патруль хизмати стационар постлари ва блокпостларни пирометрлар (масофадан тана ҳароратини ўлчовчи) ва ўтишга рухсат этилган автотранспорт воситаларининг мажбурий равишда дезинфекция қилинишини таъминлайди.
Жиззах шаҳридаги «Ёшлар шаҳарчаси», «Истиқлол» ва «Ўрда» экологик истироҳат боғлари фаолияти тўхтатилади ва фуқароларнинг боғ ҳудудига кириши тақиқланади.Жиззах шаҳрида автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз фақат куннинг муайян вақтида соат 07:00 дан соат 10:00 гача ва соат 17:00 дан соат 20:00 гача ҳаракатланишига рухсат этилади.
Жиззах шаҳрида соат 07:00 дан 23:00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда соат 23:00 дан соат 07:00 га қадар кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланади. Бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашгани муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига шахсий транспорт воситасига рухсат берилади.
Жиззах шаҳридаги Марказий деҳқон бозори ҳамда «Эски шаҳар деҳқон» бозори, савдо мажмуалари (супермаркет, минимаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойларида фуқароларнинг тана ҳароратини ўлчаш учун тегишли мутахассислар пирометрлар ва антисептик воситалар билан таъминланади. Шунингдек, Жиззах шаҳрига бошқа ҳудудлардан кириб келаётган барча транспорт воситалари, товар ва юкларнинг мажбурий равишда дезинфекция қилиниши таъминланади.
Давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш, уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар онлайн режимга ўтказилади. Жамоат жойлари ва тадбиркорлик фаолияти объектларида ижтимоий масофа (2 метр) сақлаш, уч кишидан ортиқ йиғилмаслик, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситалардан доимий равишда фойдаланиш, барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофани сақлаган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш чоралари кўрилади.
Жиззах шаҳридаги барча савдо шохобчалари, чойхона, ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш жойлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ҳамда ўқув курслари фаолияти карантин тадбирлари тугагунга қадар тўхтатилади.
Вилоят ҳудудидаги йирик буюм бозорлари ҳамда буюм савдоси билан шуғулланадиган йирик савдо мажмуалари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари санитария-дезинфекция ишларини амалга ошириш учун ёпилади. Шунингдек, Жиззах шаҳридаги «Кўк бозор» деҳқон бозори ҳафтанинг якшанба, «Эски шаҳар деҳқон» бозори ҳафтанинг ҳар душанба куни ёпилади ҳамда белгиланган чораларга тўлиқ риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 7 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 10 459 нафарга етди. Шундан 6690 нафари соғайган, 38 киши вирус оқибатларидан вафот этган, вирус қурбонларининг икки нафари 29 ва 30 июнда Жиззах вилоятида қайд этилган.
Мавзуга доир: Жиззахда шаҳар ҳокимлиги биноси карантинга олинди