Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати интернетда пойтахт аҳолиси вакиллари томонидан Ғафур Ғулом боғи ўрнида янги турар жойлар ва бизнес марказ қурилиши мумкинлиги ҳақида тарқалган фикрларга муносабат билдирди.
«Ишонтириб айтамизки, ушбу хавфсирашлар асоссиз.
2018 йил 19 декабрдаги ‘Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида’ги Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 сентябрдаги 670-сонли фармойишига асосан, Чилонзор тумани, Бунёдкор шоҳкўчаси 21-манзилида жойлашган Ғафур Ғулом маданият ва истироҳат боғини 49 йил муддатга BMP Smart Decision Private Limited хориж компаниясига — уни модернизация қилиш ва жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий паркни барпо қилишга оид инвестицион мажбурият билан бериш кўзда тутилган.
Модернизация лойиҳаси 1980 йилларда ўрнатилган эски аттракционларни янгиларига алмаштириш, шунингдек, боғнинг яшил ҳудудини, боғда ўсаётган Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси хатловидан ўтказилган дарахтларга қўшимча равишда янги дарахтлар билан тўлдиришни ўз ичига олади. Реконструкциядан кейин ҳам боғ ҳудудига кириш аввалгидай бепуллигича қолади.
Жамоатчиликни ушбу лойиҳа билан батафсилроқ таништириш учун инвестор вакили билан учрашув ташкил этилади», — дейилган ҳокимлик маълумотида.
Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати шаҳар аҳолиси учрашув қачон бўлиб ўтиши ҳақида қўшимча тарзда хабардор қилинишини билдирган.
2019 йил октябрь ойида Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Ғафур Ғулом номидаги боғ, Яккасарой туманидаги «Дўстлик» боғи, Мирзо Улуғбек туманидаги «Экопарк»да амалга ошириш учун тақдим этилган лойиҳаларга 20 миллион доллар инвестиция киритиш бўйича тендер ҳужжатлари тайёрланаётгани хабар қилинганди.