Андижон вилоятидаги туманлар ва ташкилотлар раҳбарлари ишдаги эришган натижаларига қараб, ҳар ҳафтада «масъулиятли раҳбар» ёки «масъулиятсиз раҳбар» кўкрак нишони билан тақдирланади. Бу ҳақда «Auz.uz» хабар берди.
Маълум қилинишича, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ошкоралик, шаффофлик масаласида ташаббусни илгари сурган. Унга кўра, раҳбарлар ишдаги натижаларига қараб, кўкрак нишони билан тақдирланади.
Раҳбарларнинг қайси нишонни олиши душанба кунлари ўтказиладиган ҳокимлик соатида аниқланади. Оқсоқликка йўл қўйган шаҳар, туман ёки ташкилот раҳбарининг кўксига шу ернинг ўзида қизил рангли нишон тақилади. Топшириқни уддалаганларга эса кўк рангли нишон топширилади. Йиғилишдан чиқиб, тақдирланганлар журналистлар орқали халқ олдида ҳисоб беради.
Қайд этилишича, 6 июль куни бўлиб ўтган ҳокимлик соатида янги ташаббус амалиётда илк бор қўлланди.«Масъулиятсиз раҳбар» нишони Улуғнор, Олтинкўл туманларининг ҳокимлари Дониёрбек Махсудов ва Назиржон Ўринбоевга берилган. Ташкилотлар орасида вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Зуфарбек Йўлдошев ва вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбари Дилмурод Набиевга ҳам «масъулиятсиз раҳбар» нишони берилди.
Андижон шаҳри ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровга учта йўналиш бўйича қўлга киритган кўрсаткичлари учун 3 марта кўк нишон топширилди. Марҳамат ва Хўжаобод туманлари ҳокимлари Бобиржон Йўлдошев ва Отабек Расулов эса икки бора шундай эътирофга сазовор бўлди. Марказий банк вилоят бошқармаси бошлиғи Элёр Усмоновга ҳам икки бор «масъулиятли раҳбар» нишони берилди.
Қайд этилишича, уч ҳафта давомида қаторасига қизил нишонга лойиқ кўрилган раҳбар масаласи алоҳида кўриб чиқилади.