Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш борасидаги ишларни ривожлантириш мақсадида хорижда ишлаб чиқарилган 15 та махсус замонавий реанимобиль Ўзбекицонга олиб келинганини хабар қилди.
«Келтирилган янги махсус реанимобиллар беморларни транспортировка қилиш соҳасидаги камчиликларни бартараф қилишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Реанимобиллар дефибриллятор, ЭКГ ва сунъий нафас олдириш аппаратлари, дори-дармонлар каби барча керакли воситалар билан жиҳозланган бўлиб, беморни бир манзилдан тиббиёт муассасасига етказиб боргунча унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини беради», — дейилган ССВ хабарида.
Шунингдек, вазирлик беморларни ташишда тиббиёт ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида реанимобилларнинг биобокслар билан таъминлангани, махсус замбилнинг устига қилинган қопламада дарчалар бўлиб, улар орқали тиббиёт ходими беморга бемалол муолажалар ўтказиши мумкинлиги қайд этилган.
2017—2018 йиллар мобайнида Ўзбекистон тарихида биринчи марта тез тиббий ёрдам хизмати учун 1500 та янги ихтисослашган автомашина харид қилинган.
2020 йил январь ойида Тошкентдаги тез тиббий ёрдам хизмати учун хориждан келтирилган 150 та Ford замонавий реанимобили фойдаланишга топширилган.