«Царско Село» клуби ҳимоячиси Мартин Кавданскининг коронавирус учун топширган тест натижаси бўйича нотўғри таҳлил Болгария чемпионатида футболчиларнинг оммавий касалланишига олиб келди. Бу ҳақида Sportstar хабар бермоқда.

Фото: Global Look Press

«Черно море» ва «Царско Село» клублари ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаган.

Учрашув 2 июль куни бўлиб ўтган ва 4:1 ҳисобида «Черно море»нинг ғалабаси билан якунланган. Учрашув олдидан «Царско Село» ҳимоячиси Мартин Кавдански коронавирус учун тест топширган. Унинг натижаси эса салбий бўлган. Натижада футболчи асосий таркибда майдонга тушган.

Учрашувдан сўнг «Царско Село» футболчилари текширувдан ўтказилганда, 3 та янги зарарланиш ҳолати аниқланган.

«Черно море» клуби матбуот хизматининг хабар беришича, ўйиндан сўнг клубнинг 16 нафар футболчисида коронавирус аниқланган. Хабарда, шунингдек, барча футболчилар ва клуб ходимлари ўзи-ўзини яккалаш тартибига олингани ҳам таъкидланмоқда.

Кавдански тест топширган лаборатория футболчида ҳақиқатан ҳам вирус борлигини айтиб, ўз хатосини тан олган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!