Англия чемпионатининг 33-туридан ўрин олган «Тоттенҳэм» – «Эвертон» учрашувида (1:0) «шпорлар» дарвозабони Уго Льорис ва жамоа ярим ҳимоячиси Сон Ҳён Мин билан жанжаллашиб кетди.
Биринчи бўлим якунлангач, иккала футболчи ўртасида келишмовчилик юзага келди, жамоанинг қолган аъзолари базўр уларни ажратиб қолди. Шундан сўнг барча ўйинчилар кийиниш хонасига йўл олди.
Таъкидлаш жоиз, иккинчи бўлим бошланишидан олдин Льорис ва Сон ярашганлик белгиси сифатида бир-бирини қучиб қўйди.
Льорис 2012 йилдан бери «Тоттенҳэм» шарафини ҳимоя қилиб келади. Жорий мавсумда у 16 та ўйин ўтказиб, шулардан 4 тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олди.
Сон эса 2015 йилдан бери Лондон клубида тўп суради. 2019/20 йилги мавсумда унинг ҳисобида 25 та ўйин, 9 та гол ва 10 ассист бор.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!