Футбол бўйича Coca-Cola Суперлига 8-туридан ўрин олган «Қизилқум» — «Андижон» учрашувидан (1:1) сўнг икки жамоа мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Аввалига андижонликлар мураббийи Диёр Мирзабоев ўйин ҳақида фикр юритди.
«Ўйин ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, ғалаба учун келгандик. «Қизилқум» жамоасини охирги ўйинларини кўриб ўрганиб чиқдик. Иккита аутсайдер жамоалар ўзаро тўқнашди дея оламан. Олти очколик ўйин бўлди. Ҳимоядаги қўпол хато сабаб дарвозамиздан гол ўтказиб юбордик. Омадимиз келди, охирида гол уриб дуранг қайд этдик. Дуранг адолатли бўлди», — дейди Мирзабоев.
Шундан сўнг, «Қизилқум» устози Тачмурод Агамуродов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Бу биз учун жуда муҳим баҳс эди. Иккала жамоа ҳам мусобақа жадвалида деярли ёнма-ён эди. Учрашув охирида концентрацияни йўқотиб қўйдик, ўйин сўнггида мажбурий ўзгаришларни амалга оширдик. Аламли дуранг, аммо бу футбол.
Раҳбарият олдида виждонимиз тоза, фақатгина натижа йўқ. Биз ўз ишимизни бажараяпмиз, менимча қисқа вақт ичида катта натижалар талаб қилиш нотўғри. Нима учун ғалаба қозона олмаётганимизнинг кўплаб сабаблари бор, уларни айтишни бошласам кўп вақт кетади», — дейди мутахассис.
Ушбу ўйиндан сўнг «Андижон» 5 очко билан 11-ўринга кўтарилган бўлса, «Қизилқум» (2) 13-ўринга қолди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!