Бугун дунё бўйлаб коронавирус юқиш ҳолатлари бўйича рекорд қайд этилди. Афсуски, нафақат дунё, балки Ўзбекистонда ҳам коронавирус юқтирганлар сони шиддатли тезлик билан ортмоқда. Айниқса, аҳоли орасидан юқишлар сони кўпайиб кетди.
Энди фарзандларимиз ёппасига чолғучи бўлиши мумкин. Негаки ўқувчиларга ўзи ёқтирган чолғуни чалишни ўрганиш ва шаҳодатномасига машшоқлик бўйича билимини баҳолаш киритилиши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев Наманганда бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида маданият вазири Озодбек Назарбековни мақтаб ўтди ва маданият масаласига тўхталди. Президент Жўрахон Султонов ва Маъмуржон Узоқов каби машҳур ҳофизларни тилга олиш асносида «маданий муҳитда катта бўлган одамнинг турмуш тарзи ҳам маданиятли бўлади. Нега йирик корхоналарда чолғу ёки мақом ансамбллари ташкил этиш мумкин эмас? Нега олийгоҳларимизда танаффус пайти мусиқа қўйилмайди?» деб савол қўйди ва мактаб шаҳодатномаларига чолғу асбоби бўйича баҳолашни ҳам киритишни таклиф қилди. Шу тариқа ўқувчи мактабни ўзи маъқул кўрган бирор чолғу турини мукаммал эгаллаган ҳолда битиради.
* * *
Обуначилари сони бўйича Ўзбекистоннинг биринчи рақамли блогери Хушнудбек Худойбердиевнинг иш жойи ўзгарди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасида ишлаб келган Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) бош директори ўринбосари лавозимига тайинланди. ЎзА аввалдан консерватор агентлик саналиб, сўнгги вақтдаги ўзгаришлар унга кам таъсир ўтказаётганди. Фаол блогер Хушнудбек Худойбердиев ЎзАни ўзгартирадими-йўқми, буни кузатамиз.
Аввал сухандон бўлиб ишлаган Фарҳод Маҳмудов Ўзбекистон миллий телерадикомпанияси раисининг биринчи ўринбосари, Хайрулла Нуритдинов эса "Ўзбекистон24» телеканали директори этиб тайинланди.
* * *
6 июлдан 2020–2021-ўқув йили учун умумтаълим мактабларига 1-синф ўқувчиларининг қабул жараёни бошланади. Пандемия шароитини инобатга олган ҳолда, 1-синфга ўқувчиларнинг ҳужжатлари 6–31 июль кунлари бириктирилган микроҳудуд доирасида ва 1–25 август кунлари мактабларнинг имкониятидан келиб чиқиб микроҳудуддан ташқарида қабул қилинади.
Шунингдек, пандемия шароитида ота-оналарнинг мактабларда тўпланиб қолишини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида илк маротаба 1-синфга борадиган ўқувчиларнинг ҳужжат топшириш жараёни «Qabul.maktab.uz» орқали (5 июлдан) онлайн навбат асосида амалга оширилади. Дастур Тошкент шаҳрида муваффақиятли татбиқ этилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий қилинади.
Ота-оналардан мактабларга ташриф давомида карантин қоидаларига қатъий амал қилиш ҳамда ижтимоий масофа сақлаш сўралади.
* * *
Карантин узайгани сари йўғон чўзилиб, ингичка узилади. Тирикчиликдан қийналганлар турли кўчага кириши, гоҳида жиноятга қўл уриши мумкин. Айримлар темир йўл болт-гайкаларини ечиб сотишга тушди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси маълумотига кўра, 2020 йилнинг дастлабки беш ойида 17 271 та жиноят қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,9 фоизга кўп, деганидир. Бу ҳам коронавируснинг билвосита зарарларидан бири.
Айни кунларда вирус жуда хатарли одим отмоқда. 3 июль куни Ўзбекистонда 318 киши коронавирусдан зарарланди. Бунақаси аввал бўлмаган. 4 июль куни Тошкентда коронавирус 100 дан ортиқ ҳолатда аҳоли орасидан аниқланди.
Ҳозиргача коронавирусдан жами 33 та ўлим юз берди. Айни вақтда 9 936 нафар ватандошимиз вирусни юқтириб олганлар сафидадир. Мамлакатимизда уй карантинида 42 659 нафар, стационар карантинда эса 24 301 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.
* * *
Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги кўпдан бери баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда. Хўш, Марказий Осиё юрагидаги давлатнинг Россия бошчилигидаги уюшмага аъзо бўлишига АҚШнинг муносабати қанақа? Маълум бўлишича, АҚШнинг бу ишга аралашиш нияти йўқ.
АҚШ давлат котибининг Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жонатан Хеник айтишича, Қўшма Штатлар учун Марказий Осиё янада хавфсизроқ ва фаровон минтақа бўлиши манфаатлидир, ундаги давлатлар эса ривожланиш борасида турли хил вариантларни танлашда эркин бўлиши лозим. Хеник, шунингдек, АҚШ Марказий Осиё республикаларига таъсир ўтказиш учун Москва билан рақобатлашмаслигини билдирди ва «мен ушбу музокаралар ҳақида изоҳ беролмайман, чунки Қўшма Штатлар ЕОИИ аъзоси эмас», деди.
* * *
Ўзбекистондаги энг машҳур телеграм блогерлар кимлар? Forbes бунга аниқлик киритди. 286,5 минг обуначи билан Хушнудбек Худойбердиев рўйхатда етакчилик қилмоқда. Ундан кейин @davletovuz асосчиси Қобул Хидировдир (56,3 минг обуначи). Учликни спорт журналисти Даврон Файзиев 43 минглик обуначи билан якунлайди. Ундан кейин таниқли футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов, блогер Нурбек Алимов, Нозимжон Сафаров, Абдуназар Чориевич, Диёр Имомхўжаев, Шоҳруҳ Шодмонов, Фарҳод Файзуллаев, Никита Макаренко, Беҳзод Ҳошимов, Муҳрим Аъзамхўжаев, Шаҳзод Эргашалиев, Фахрулло Ҳамидуллаевлар обуначилари сонига мос равишда ўрин олган.
Аммо унда обуначилари сони юқоридаги блогерларникидан кам бўлмаган Умид Ғафуров, Отабек Бакиров, Темурмалик Тожиддинзода, Дима Қаюм, Зафар Солижонов каби машҳур блогерлар негадир йўқ.
* * *
Шу ҳафтада журналист Абдураҳмон Ташанов Навоийдаги колонияда жазо муддатини ўтаётган 45 яшар маҳкумнинг уриб ўлдирилгани ҳақида хабар бериб, бадани қўрқинчли тарзда мўматалоқ бўлиб кетган жасад сурати ва видеосини илова қилган эди. Бу хабар ижтимоий тармоқларда кучли резонанс берди. Кўп ўтмай ИИВ хабарга раддия эълон қилди.
Вазирлик ёзишича, Янгийўл шаҳрида туғилган муқаддам тўрт маротаба судланган Фаррух Хидиров 2010 йилнинг 18 октябрида Янгийўл шаҳар судининг ҳукмига кўра ўта хавфли рецидивист сифатида 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Маҳкум 27 июнь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг 64/18-сонли муассасасида (Сангород) вафот этган. Врачлар унга «ўпка сили IV клиник босқичи (лимфа тугунлари тарқоқ катталашиши, орофаренгиал кандидоз, номаълум этиологияли узоқ давом этувчи иситма, тана вазни келганга нисбатан 10 фоиздан ортиқ камайиши, диарея» ташхисини қўйган. «Видео тасвирда кўринаётган қизаришлар бу мурда доғи бўлиб, тан-жароҳатларига алоқаси йўқ», дейилади вазирлик баёнотида.
«Дарё»дан узоқлашманг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг. Карантин кучаймоқда, зарурий гигиена талабларига риоя қилинг. Уйда қолинг.
Изоҳ (0)