АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод Покистон, Қатар ва Ўзбекистонга ташриф буюриб, Афғонистондаги тинчлик жараёнини муҳокама қилади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.
«Учала жойда ҳам махсус вакил Ҳалилзод барча афғонларнинг афғонлараро музокаралар арафасида қолган мажбуриятларни бажаришини, айниқса, зўравонликни камайтириш ва маҳбусларни ўз вақтида озод қилишни қўллаб-қувватлашга чақиради», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, делегация Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш ва минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун бир қатор соҳаларда сармоявий имкониятлар ҳамда ҳамкорликни ўрганади.
Бундан ташқари, Ҳалилзод Афғонистон расмийлари билан масофадан туриб музокаралар олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг февраль ойи охирларида Доҳада АҚШ ва «Толибон» тинчлик келишувини имзолаган эди. Ўшанда келишувни имзолашда АҚШ томонидан Залмай Ҳалилзод, «Толибон» тарафдан эса ҳаракат етакчисининг ўринбосари, ҳаракатнинг Қатардаги офиси раҳбари мулла Абдулла Ғани Бародар иштирок этганди.
Изоҳ (0)