Разумков маркази томонидан ўтказилган сўровномада 37 фоиз фуқаролар Владимир Зеленскийнинг президентлик йили «яхши» ёки «жуда яхши» ўтганига овоз берган. 34 фоиз респондентлар эса Зеленский фаолиятини «ёмон эмас» ва «яхши эмас» деб баҳолаган, сўровномада иштирок этганларнинг қолган 28 фоизи «анча ёмон» ёки «жуда ёмон» деб топган.
Респондентларнинг бир қисми ҳозирги ҳукумат аввалгисидан зўрлигига овоз берган — 38 фоиз. Тадқиқотда қатнашган 38 фоиз фуқаролар ҳозирги ҳукумат аввалгисидан фарқ қилмаслигини танлаган, 16 фоиз респондентлар эса Зеленский жамоаси аввалги раҳбариятдан ёмон деган жавобни танлаган.
Апрелда Зеленскийнинг умуммиллий манфаатларни ҳимоя қилиши ҳақида фикр билдирганлар 50 фоизни ташкил қилган, президентнинг шахсий ва ўз сиёсий гуруҳи манфаатларини ҳимоя қилмоқда деб ҳисобловчилар эса 33 фоизни ташкил қилган.
Сўровнома иштирокчиларининг ярмидан кўпи — 63 фоизи ҳукуматнинг мамлакатдаги вазиятни яхшилашга уринаётгани, аммо ҳозирча ҳеч нарса қила олмаганини қайд этган. 25 фоизи эса Зеленский ва администрация шундай таассурот уйғотишга уринаётганини танлаган. Фақат 9 фоиз одамларгина амалдаги ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари самара бераётганини таъкидлаган.
Сўнгги йилларда Украинадаги вазиятнинг ёмонлашганига 42 фоиз респондентлар овоз берган, фуқароларнинг 33 фоизи вазият ўзгармаган, 15 фоизи эса яхшиланган деб ҳисобламоқда.
Сўровномадаги респондентларнинг 57 фоизи нархлар ва тарифлар билан боғлиқ вазият ёмонлашганини, 57 фоизи эса иқтисодий ҳолат оғир эканини билдирган. Қолган соҳа ва йўналишларда, асосан, охирги йилларда деярли ўзгариш бўлмаганлигига овоз берилган.
Саволга тутилганларнинг атиги 3,5 фоизи Владимир Зеленский сайловолди ваъдаларини баржарганини, 33 фоизи эса ваъдаларнинг кўп қисми бажарилгани, 31 фоизи кам қисми амалга оширилганини танлаган. 25 фоиз овозлар амалий жиҳатдан ҳеч нима қилинмаганини қайд этган.
Июнь ойидаги сўровномада эса респондентларнинг асосий қисми Зеленский ваъдаларини бажармаган деб ҳисобламоқда. 71,5 фоиз — олигархларнинг сиёсатга таъсирини камайтириш ҳақидаги гап гаплигича қолгани, 70 фоиз — янги иш ўринлари яратилмагани, 63 фоиз — Украина шарқида тинчлик ўрнатилмагани, 62 фоиз — коррупция билан кураш, 62 фоиз — халқ ҳокимияти таъминланмаган, 56 фоиз — коммунал хизматлар нархи туширилмагани, 54 фоиз — иқтисодий аҳвол яхшиланмагани, даромадлар қонунийлаштирилмагани, 53 фоиз — нафақаларнинг оширилмагани, 50 фоиз — касалхоналар ва мактаблар молиялаштирилмагани, 47 фоиз — шифокорлар ва педагоглар маоши оширилмагани, 46 фоизи бизнесга ҳуқуқ-тартибот идоралари зарар етказиши давом этаётганига овоз берган.
Мавзуга доир: Зеленский халқни қўллаб-қувватлаш учун коронавирус билан касалланишга ҳам рози эканини таъкидлади
Разумков маркази эълон қилган тадқиқот 24—29 апрель кунлари мобил ва стационар телефонларга тасодифий қўнғироқни амалга ошириш ва интервью олиш йўли орқали амалга оширилган. Украина вилоятларидан жами 2056 нафар фуқаро сўровномада иштирок этган, Қрим ва оккупация қилинган Донецк ҳамда Луганск вилоятлари қисмларида яшовчи фуқаролар тадқиқотда қатнашмаган.
Изоҳ (0)