Ҳар йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистонда матбуот ва ОАВ ходимлари куни нишонланади. Бу сана 1906 йил 27 июнида «Тараққий» газетасига асос солиниши билан боғлиқ. Аммо аслида Туркистонда матбуот тарихи анча қадимий ва бой анъаналарга эга. «Дарё» таниқли олим, жадидлар ҳаракати бўйича мутахассис, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети проректори, фалсафа доктори Зайнобиддин Абдурашидовнинг Туркистонда матбуот тарихига бағишланган мақоласини тақдим этади.
ХХ аср Россия империяси ҳудудида истиқомат қиладиган халқлар учун бир қадар муваффақиятли бошланди. Бу эса Туркистон миллий матбуотининг юзага келишига туртки бўлди. Россия Япония билан бўлган урушда мағлубиятга учрагач, ички ва ташқи кучларнинг босимига бардош бера олмай қолди. Империя ичкарисида сиёсий курашлар авж олди ва император 1905 йил охирига келиб барча сиёсий куч ва гуруҳларга эркинлик берувчи манифест эълон қилишга мажбур бўлди. Манифестнинг асосий нуқталаридан бири сўз эркинлигини таъмин этди. Бу имкониятдан фойдаланган турли халқлар ва сиёсий қатламлар ўз матбуотларига асос солди.
ХХ аср бошларида Туркистонда «Туркистон вилоятининг газети»дан ташқари зиёлилар орасида Усмонли Туркияси, Эрон, Ҳиндистон, Миср ва айрим Европа мамлакатларида нашр қилинган газеталар кенг тарқалган. Бу ҳолатга бир тарафдан рус ва маҳаллий ҳукуматлар тарафидан жорий қилинган почта тизими имкон яратган бўлса, бошқа тарафдан минглаб Ҳаждан қайтаётганлар, савдогарлар ва бошқа тоифаларнинг турли мамлакатлардаги нашрларни олиб келганлигидир. Рус бюрократик аппарати учун цензура ўзгармас қонуният бўлишига қарамай, минтақага олиб кирилаётган барча нашрлар учун тўлиқ тўсқинлик қилишдан ожиз эди.
Гаспринский 1883 йил февраль ойида «Таржимон» газетасини нашр қилиш учун рухсат олгандан сўнг, уни имкон қадар кўпроқ жойларда тарқатиш йўлларини қидира бошлади. «Туркистон вилоятининг газети»да берилган эълонлардан бирида «Таржимон» газетасини тарқатишга хоҳиш билдирганлар орасида ўша вақтда Туркистон газетасига муҳаррирлик қилган Ҳасан Чонишевнинг ҳам исмини кўриш мумкин. Ҳасан Чонишев 1881–1883 йиллар давомида газетага муҳаррирлик қилган ва Николай Остроумовнинг газетага келиши билан ўз лавозимидан четлатилган эди.
Газетада берилган эълонга кўра, Гаспринский Чонишев билан Туркистонда «Таржимон»ни тарқатиш борасида қизғин ёзишма олиб борган. Остроумов ўз вақтида устози Николай Илминскийга «Таржимон»нинг биринчи сонини кўриб сочларини ҳам юлишга тайёрлигини ёзганига қарамай, «Туркистон вилоятининг газети»даги фаолиятининг дастлабки йилларда «Таржимон» газетасига ҳеч қандай эътибор бермади ва у ҳақда ўз қараш ва фикрларини очиқламади.
Остроумов Гаспринский билан олдиндан ёзишма олиб боргани ва унинг асарлари билан яқиндан таниш бўлганига қарамай, айрим ҳолларда у билан таниш эмаслигига ишора ҳам қилган эди. Остроумов муҳаррир бўлгандан кейин берилган эълонларда Туркистонда «Таржимон» тарқатувчилари тилга олинмади. «Таржимон»нинг дастлабки икки йили давомида бутун Туркистонда 200 га яқин обуначиси бор эди. Ўша йиллари Бухородан келган хабарларга кўра, «Таржимон» қўлдан қўлга ўтиб ўқилган эди.
Туркистон рус маъмурияти фақат «рус интеллигенцияси» потенциали ақлий ривожини ўстиришга ва бу борадагина аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга эътибор қаратди. Иван Гейер Сирдарё вилоятидаги руслар тарафидан олинадиган вақтли матбуот нашрлари статистикасини таҳлил қилар экан, ушбу нашрларни мутолаа қиладиган шахслар гуруҳини мамлакатнинг маънавий ривожи карвонбошилари, дея таъриф беради. Афсуски, бу каби таҳлилларда маҳаллий халқ манфаатлари умуман эътиборга олинмади.
Туркистон генерал-губернаторлигининг расмий нашри ҳисобланган «Туркистон вилоятининг газети» Россия империясида туркий тилда чоп этилган илк газеталардан бири эди. Туркистонда миллий матбуот чоп этилган икки қисқа вақтни (1906–1908 ҳамда 1913–1917 йиллар) инобатга олмаса, расмий газета Марказий Осиёда маҳаллий тилда чиқадиган ягона нашр эди. Ушбу газета ўлкани глобал ва империя контекстидаги ҳолати ҳақидаги ўз қарашларини ифода қилмоқчи бўлган туркистонлик зиёлиларнинг асосий минбари бўлиб хизмат қилди.
Лекин «Туркистон вилоятининг газети»нинг мусулмонлар ҳаётида муҳим роль ўйнаганига қарамай, ўта консерватив ва жадидчиликнинг ҳар қандай кўринишига «душманлик» кўзи билан қарар эди. Шу сабабдан ҳам тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, руслар тарафидан таҳрир қилинган «Туркистон вилоятининг газети»ни ҳақиқий «мусулмонча» газета, деб ҳисоблаш мумкин эмас.
Тадқиқотчиларга кўра, «Туркистон вилоятининг газети»нинг роли иккиюзламачилик ва қарама-қаршиликка асосланган. Ушбу газетани нашр қилишдан кўзланган дастлабки мақсад «маҳаллий аҳолини генерал-губернаторнинг барча фармойишларидан хабардор қилиш» ва «тижорат ҳамда Тошкент ва бошқа шаҳарларда содир бўлган турли воқеалар ҳақида хабарлар» чоп этишдан иборат эди. Юқоридаги у қадар қизиқ бўлмаган хабарлар қаторида «Минг бир кеча»дан парчалар ҳамда рус вақтли матбуотидан олинган турли хабарлар ҳам берилар эди.
1875 йилдан бошлаб газета ўз ўқувчиларидан келган мактубларни ҳамда замон ҳақидаги «фойдали маълумотлар»ни нашр қилишни жорий этди. Остроумовнинг ёзишича, «фойдали маълумот»лар турли давлатлар географияси ва улар ҳақидаги маълумотлар, ҳаво шарларида иссиқ ҳаводан фойдаланиш, темир йўл ва телеграф, пахта ҳамда ипак қурти етиштириш ҳақида кўрсатма ва ҳоказоларни қамраб олган. «Маҳаллий хабарлар» рукнида эса маҳаллий халқни фақат ёмон жиҳатларини кўрсатишга қаратилган жиноий ишлар ҳақидагина хабарлар келтирилган.
Маҳаллий аҳоли рус тилини ўрганишга у қадар иштиёқ кўрсатмаётганидан ташвишга тушган Кауфманнинг ворислари марҳум генерал-губернатор олиб борган сиёсатдан бироз четлашишга ҳаракат қила бошлади ва 1883 йили «Туркистон вилоятининг газети»га Остроумовнинг муҳаррир этиб тайинланиши ушбу ўзгаришларнинг илк қадами бўлди. «Ғайрирус» маҳаллий аҳолига рус тилини чуқурроқ сингдириш руслаштириш сиёсатининг асосий йўналишларидан бир эди.
Янги муҳаррир Остроумов бошчилигида «Туркистон вилоятининг газети» рус маъмуриятининг маҳаллий халқни «эҳтиёткорлик ва узоқни кўзлаб маърифатли қилиш»ни назарда тутган янги сиёсатининг қандайдир қуроли сифатида майдонга чиқиши керак эди. Ва шу мақсадда газета бир вақтнинг ўзида ҳам ўзбекча, ҳам русча нашр қилина бошланди. Туркистон рус маъмурияти расмийлари рус шарқшунослиги осиёликларни маърифатли қилиши мумкин ва бу ишни шундай амалга ошириши керакки, «ғайрирусларнинг» манфаатлари мустабид чор империяси манфаатлари билан мос келсин, деган фикрда эдилар. Шу мақсадда «Туркистон вилоятининг газети» «фойдали маълумотлар»нинг сонини икки баравар кўпайтирди. Лекин бу маълумотлар сиёсий жиҳатдан «хавфсиз» эди.
Ҳукуматга қарашли бўлмаган маҳаллий тилдаги биринчи газета 1906 йили Иван Гейер тарафидан чиқарила бошлади. Бу газетанинг асосий мақсади маҳаллий халқни янги сиёсий қарашлар ва фикрлар билан таништириш, деб белгиланган эди. Маълумот тарзида яна шуни ҳам эслаб ўтиш керакки, Туркистонда истиқомат қилган руслар жамиятида хусусий ва мустақил матбуотга 1890 йилда Самарқандда асос солинган эди. И.Гейернинг «Тараққий – Марказий Осиёнинг умр гузарлиги» газетаси, асосан, рус газеталаридан олинган хабарларни таржима қилиб қайта нашр қилди.
Шундай бўлишига қарамай, бу газета рус маъмурияти нуқтаи назарича номақбул бўлган шахслар, яъни маҳаллий зиёлилар учун ўз фикрларини изҳор қилиш имкониятини берди. Бу билан И.Гейернинг газетаси маҳаллий зиёлиларнинг анчадан бери амалга оширишга ҳаракат қилиб келаётган мақсадлари – сиёсий диалогга қўшилишларига йўл очиб берди. Бу газета 17-сони чиққандан сўнг молиявий муаммолар туфайли ёпилди.
Туркистонлик жадидлар газетани биринчи навбатда тараққиёт белгиси ҳамда илм тарқатиш манбаси сифатида қабул қилди. Улар газетанинг асл моҳияти ва мақсадини турлича талқин қилди. Ўз вақтида Гаспринский газетанинг асосий мақсади ҳақиқат ва маърифатга хизмат қилиш, деб белгилаган эди. Туркистонлик маърифатпарварлар журналистик фаолиятларининг ибтидосида газетани жамиятнинг «касалини» даволовчи табибга қиёслади. Орадан қисқа муддат ўтиб эса матбуот жамиятнинг камчиликларини мунтазам танқид қила бошлади ва «жамиятнинг ҳақиқий» йўлбошчисига айланди.
Туркистон жадидларининг олдиларига қўйган мақсадларига етишиш учун курашга зўр беришлари, яъни Зиё Саид ёзганидек, консерватив фикрга қарши «жиҳод» эълон қилишлари И.Гейер газетасидан сўнг Исмоил Обидий тарафидан ташкил этилган «Тараққий» газетасидан бошланди. Обидий газетасини кейинчалик «Шарқ» деб номлаш истагида ҳам бўлган эди. Обидийнинг газетаси 19-сондан сўнг ножоиз материалларни чоп этганлик айби билан суд томонидан ёпиб қўйилди.
«Тараққий» газетасининг ёпилишидан бир неча ҳафта ўтиб Мунавварқори «Хуршид» газетасини ташкил қилди. Бу газета ҳам «Тараққий» йўналишининг давомчиси бўлди. Лекин Мунавварқори Обидийдан фарқли ўлароқ ўз мақолаларида Россия ва қўшни давлатларда содир бўлаётган сиёсий воқеаларни ёритишга кўпроқ урғу берди. Афтидан, «Хуршид»нинг бу йўналиши Гаспринскийнинг сиёсий қарашларига мос тушган кўринади.
Гаспринский «Хуршид»ни «соф миллий» газета деб ҳисоблади ва унинг «Туркистон вилоятининг газети»дан ўта фарқ қиладиган «тили» билан фахрланди. Заки Валидийнинг ёзишича, Остроумов ўз газетасида «сарт тили»ни татар ва қозоқ тилларидан ажратишга мослаштирилган тил яратишга ҳаракат қилган. Ўз навбатида, Гаспринский ҳам янги татар газеталарини адабий тил ўрнига кўча тилини тарқатаётганликда айблаб, уларнинг «тилини» жуда қаттиқ танқид қилди. Туркистонлик жадидлар эса аксинча, Гаспринский тарғиб қилган «маҳаллий марказий тил»ни қўллашга ҳаракат қилди.
Шу сабабдан ҳам Гаспринский Туркистон газеталарининг «тили»ни бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатиш учун «Хуршид» газетасининг биринчи сонидаги асосий мақолани «Таржимон»да қайта нашр қилди. «Хуршид» газетаси ёпилгунига қадар «Таржимон» ундан таҳририят нуқтаи назарига мос келадиган кўплаб хабар ва мақолаларни қайта нашр қилиб борди. Мунавварқорининг газетаси 1906 йил 13 ноябрга қадар «яшади» ва 10-сонидан сўнг ҳукумат уни «аксилҳукумат йўналиш»даги нашр айби билан ёпиб қўйди.
Кейинроқ Абдулла Авлоний, татар Аҳмаджон Бектемиров ва Мунавварқориларнинг умумий ташаббуси билан ташкил этилган «Шуҳрат» ва унинг давомчиси «Осиё» ҳам айнан юқоридаги айблов билан ёпилди. «Осиё» газетаси 1908 йил 21 май куни тақиқланди. Айни шу даврда Саидкаримбой Саидазимбоев тарафидан «Тужжор» газетаси нашр этила бошлади. Бу газета бошқа нашрлардан фарқли ўлароқ ўзини ҳукуматга қарши бўлмаган ва Россия давлатчилиги тарафдори ҳамда динга зарар келтирмайдиган газета деб эълон қилди. Бундай дастурга эга бўлган «Тужжор» ўқувчилар орасида у қадар шуҳрат топмади ва 36-сонидан сўнг обуначи йўқлиги сабаб «ўз ажали билан вафот этди». 1908 йил май ойида «Тужжор»нинг ёпилиши билан Туркистонда миллий мустақил матбуот фаолияти тугатилди. Бу ишда, айниқса, Чор охранкаси ўта жонбозлик кўрсатди.
Туркистон туман охранкаси «шиддат билан келаётган таҳликани» ҳис этиб, унинг илдизи сифатида туркистонликларнинг ёш миллий, тараққиётга мойил матбуотини кўрди ва уни таг-томири билан йўқ қилишга қарор қилди. «Таржимон»нинг туркистонлик ўқувчилари миллий матбуотни йўқ қилинишида, биринчи навбатда, «Туркистон вилоятининг газети» ва унинг ортида турган Остроумовни айбдор деб билди. Остроумов турли давлат ташкилотларига юборган маълумотларида ушбу ишга бош қўшганлиги ҳамда ўлкада «Таржимон» газетасини тақиқлашга ҳаракат қилганлигини айтиб ўтади.
Бу масала юзасидан у Бухородаги Россия сиёсий агентлиги билан ёзишма олиб борган ва ундан «Таржимон»нинг минтақада рус манфаатлари учун зарарлиги тўғрисида рапорт олишга қаттиқ ҳаракат қилган ҳам эди.1906–1908 йиллар орасида нашр қилинган тўрт газета қисқа муддат ичида Туркистон жадидларини миллий ва диний ўз-ўзини англаш йўлидан бораётган куч сифатида намоён қилиб улгурди.
Бухоро амирлигида рус Туркистонидан фарқли тарзда биринчи матбуот нашри Марказий Осиёда газета нашр қилина бошлагандан деярли ярим аср вақт ўтибгина пайдо бўлди. Остроумов «Туркистон вилоятининг газети»да Гаспринскийнинг 1893 йилги Туркистон саёҳати давомида Бухоро амири Абдулаҳадхон билан бўлиб ўтган учрашувидан сўнг амир Гаспринскийнинг Бухорода газета нашр этиш таклифига розилик билдиргани ҳақида хабарни тарқатган эди. Гаспринский бу хабар пайдо бўлиши билан дарҳол уни нотўғри хабар эканлигини эълон қилди.
Албатта, бу каби нотўғри хабарлар Гаспринскийни Туркистондаги айрим «таянч нуқталари»дан маҳрум қилишга қаратилганини кўриш қийин эмас. Бухоро жадидлари кейинроқ «Ёш бухороликлар» номини олган тараққийпарварларнинг фаолияти 1910 йилдан кейин анча жонлангани кузатилади. Улар дастлаб айрим соҳаларда, хусусан, таълим тизимида ислоҳотларни амалга оширишга тарғиб қилдилар ва амирликнинг турли шаҳарларида янги усул мактабларини ташкил этишга кўпроқ эътибор қаратди.
Бухоро амири Россия сиёсий агентлигининг рухсатисиз ҳеч қандай мустақил сиёсат юритишга ҳаққи йўқ эди. Амирликдаги барча сиёсий масалалар албатта рус сиёсий агенти билан маслаҳат қилинар эди. Бу вазиятини жуда яхши англаган Мирзо Муҳиддин ва Мирзо Сирож Ҳаким каби бухоролик тараққийпарварлар яҳудий савдогари Леви (Левин) ёрдамида Бухорода газета чиқариш зарурлигини рус сиёсий агентига «уқтира» олди. Улар ўзларининг газета нашр этиш истакларини мамлакат аҳолисини Россия империяси билан яқиндан таништириш ҳамда Россия фабрикалари учун пахта етиштиришда юқори кўрсаткичларга эришишга кўмаклашиш каби далиллар билан исботлашга ҳаракат қилди.
Улар мана шу дастур асосида рус сиёсий агентидан газета нашр қилиш учун амирдан рухсат олишга ёрдам беришни сўради. Шу тариқа Бухоро амирлигида биринчи матбуот нашри пайдо бўлди. Бу Когон (Янги Бухоро)да 1912 йил 11 март куни биринчи сони чиққан форс тилидаги «Бухорои Шариф» газетаси эди. Ушбу газета 1912 йил 14 июлга қадар ҳафтада бир марта, кейин эса ҳафтада тўрт марта нашр қилинадиган бўлди.
«Бухорои шариф» Миржалол Юсуфзода муҳаррирлиги остида нашр қилинди. Бокудан бу лавозимга таклиф қилинган Юсуфзода у ердаги «Иттиҳод» мактабида диний дарслар бериш баробарида «Ҳақиқати афкор» газетасининг муҳаррири вазифасида фаолият олиб борган. Лекин газетанинг асосий муҳаррири вазифасини Россия сиёсий агентлиги тарафидан тайинланган, агентлик таржимони Ҳайдархўжа Мирбадалов бажарди.
1912 йил июль ойидан «Бухорои Шариф»га илова тарзида ўзбек (туркий) тилида «Турон» газетаси нашр қилина бошланди. Ушбу газета ҳафтада икки марта чиқиб турди ва ўша йилнинг сентябрь ойида мустақил нашр сифатида фаолият олиб борди. «Турон»га муҳаррир қилиб 1906–1911 йилларда Туркияда таҳсил олган ва Истанбулдаги бухороликлар жамиятининг фаол аъзоларидан бири бўлган Ғиёс Усмонов тайинланди. Бухоро газеталари халқ орасида қисқа вақт ичида анча шуҳрат топди. Ушбу икки газета умумий шаклда 2 600 обуначига («Бухорои Шариф» – 800, «Турон» – 1 800) эга эди.
1913 йил январь ойига келиб «Бухорои Шариф» ва «Турон» газеталари Россия сиёсий агентлиги ёрдамида бевосита амир тарафидан ёпиб қўйилди. Бухородан «Таржимон»га келган хабарларга кўра, газеталарнинг ёпилишига асосий сабаб Россия ҳақида танқидий мақола нашр қилинганлиги кўрсатилди.
1913 йил апрель ойида Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий тарафидан Зиё Саид таърифига кўра, самарқандлик жадидларнинг тўнғичи бўлган «Самарқанд» газетаси таъсис қилинди. Беҳбудий газетани ўз маблағи ҳисобига чиқарди ва беш ойдан сўнг молиявий қийинчилик туфайли уни тўхтатишга мажбур бўлди. Газета 45-сонидан сўнг қайта чиқмади.
Гаспринский «Самарқанд» газетасининг ёпилиши ҳақидаги хабарни берар экан, ундан жуда афсусда эканини ёзган эди. «Беҳбудий, – ёзади у, – газета нашрини жуда кучли ғайрат билан бошлаган эди, аммо туркистонликлар орасида ўз тилларидаги газета учун минг обуначи топилмади». Тўлаган Хўжамёров (Тавалло) «Самарқанд» газетаси ёпилган кунни «миллий мотам куни» деб эълон қилди.
1913 йил давомида туркистонлик зиёлилар газета чиқаришга рухсат сўраб ҳукуматга бир неча марта мурожаат қилди. 1913 йилнинг бошида қўқонлик Обиджон Маҳмудов Фарғона вилояти ҳарбий губернаторига маҳаллий тилда газета таъсис қилиш учун ариза топширди. Тез орада у «Жомиъу-л-ахбор» (Хабарлар тўплами) номида газета чиқаришга ва «Мадора» номида қироатхона очишга тегишли рухсатнома олди. Наманганда эса Исхоқхон Ибрат вилоят губернаторига ўз босмахонасида «Ат-тижарат ан-Наманган» (Наманган тижорат хабарлари) номида газета нашри учун рухсат сўраб ариза берди. Лекин ҳукумат бу газета нашрига рухсат бермади.
1913 йил 20 августдан бошлаб Самарқандда, Беҳбудий таҳрири остида чиқа бошлаган «Ойина» журнали, Зиё Саид таъкидича, туркистонлик жадидларнинг «энг севимли нашри»га айланди. «Ойина» нафақат Туркистонда, балки Кавказда, ички Россияда, Эронда, Афғонистонда, Ҳиндистонда ва Туркияда ҳам тарқалди. Айни шу даврда бу журнал туркистонлик тараққийпарварларнинг ўзига хос ташриф қоғозига айланиб қолди. Гаспринский журналнинг биринчи сонига таъриф берар экан, шундай ёзади: «Ойина» дастури жуда долзарб; туркистонликларнинг кундалик ҳаётларидаги барча муаммоларни ёритишга қаратилган». У мақоласининг сўнгида туркистонликларга ўз она тилларидаги нашрни қувватлашга ва «Ойина»га обуна бўлишга чақиради.
1915 йил 15 июнда «Ойина»нинг 68-сони чиқиши билан журнал ўз фаолиятини тўхтатди. Фитратнинг ёзишича, «Ойина» ўзига ўхшаш бошқа журналлар каби ўқувчиларини «хурсанд қила олмади»; унинг мақолалари журнал ўқувчиларига ёқмай қолди. Лекин Фитрат таъкидлашича, бу ишни тўғирлаш мумкин эди. Бунинг учун барча туркистонликлар журналнинг дастурини мукаммаллаштиришда иштирок этишлари керак эди. Ўз навбатида, Беҳбудий қўйилган «айблов»ларга жавобан ўзини «оқлаш» мақсадида «Ойина»да ўқувчиларнинг журнал тили ва дастури ҳақидаги турли мактубларини эълон қилди.
Гаспринскийни ўзининг «тили» ва услуби билан «мафтун» қилган туркистонлик яна икки эгизак газета 1914 йил апрель ойида таъсис этилди. Булар «Садойи Туркистон» ва «Садойи Фарғона» газеталаридир. Тошкентда чиқа бошлаган «Садойи Туркистон» тошкентлик тараққийпарварларнинг таянчига айланди. Газета ўзини «Она Туркистон овозининг» таржимони, деб эълон қилди. «Садойи Туркистон» биринчи сонидаёқ ўз ўқувчиларига «Ватан сўзларини турк ўғилларига турк тилида» етказишини билдирди ва бу йўналиши билан Гаспринский йўлидан боришини тасдиқлади.
Кўриниб турганидек, «Садойи Туркистон»нинг дастури ва тили тўлалигича Гаспринский ғояларига мувофиқ тушди. Лекин «Шўро» журнали «Садойи Туркистон» мақолаларини ўз «тили» билан одамларни бездирадиган сўфийларнинг хутбасига ўхшатди.
Фарғонада Обиджон Маҳмудов муҳаррирлигида чиқа бошлаган «Садойи Фарғона» газетаси халқ орасида бироз оммалашиб улгургандан сўнг муҳаррир газетанинг «Эхо Фергани» номида русча шаклини нашр этиш учун ҳукуматдан рухсат олди. «Таржимон» берган хабарга кўра, таҳририят газета чиқариш учун рухсат олиши билан русча ҳарфларга буюртма берган ва ҳарфлар келиши билан газета ўз фаолиятини бошлайди. Лекин бизга номаълум сабабларга кўра «Садойи Фарғона»нинг русча шакли нашр қилинмади. «Садойи Фарғона»нинг ўзи эса 123-сонидан сўнг яна молиявий сабабларга кўра фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.
Тошкент газетасининг тақдири ўзидан олдинги газеталар каби аянчли бўлди. «Садойи Туркистон» 66-сонидан сўнг нашрдан тўхтади. Асосий сабаб – маблағ йўқлиги. Тошкентлик тараққийпарварлар газетанинг молиявий аҳволини турли йўл ва усуллар билан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмасин унинг уддасидан чиқа олмадилар.
Ҳар ҳолда Туркистонда босма ускунасининг пайдо бўлиши аҳолининг айрим қатламининг ҳаёт тарзини ўзгаришига сабаб бўлди. Гарчи бу жараён Россия империясининг бошқа минтақаларига қараганда кўпроқ вақт талаб қилган бўлса-да. 1905 йил октябрь манифестига қадар Гаспринскийнинг «Таржимон» газетаси Россия мусулмонларининг ягона минбари эди. Ва айнан у Кавказ, ички Россия ва Туркистонда мусулмон матбуотининг пайдо бўлиши ва ривожланишида жуда катта ва муҳим роль ўйнади.
Туркистонда мустақил миллий матбуотнинг шаклланишига икки омил тўсиқ бўлган. Булар, биринчидан, иқтисодий қолоқлик бўлса, иккинчидан, расмий ҳукумат тарафидан бўлган босим. Туркистон ижтимоий ҳаётида ислоҳотларни амалга оширишга киришган маҳаллий зиёлилар гуруҳи XIX аср охирларида шаклланганига қарамай, улар ХХ асрнинг биринчи ўн йиллигидагина мустаҳкам оёққа туришга муваффақ бўлди.
Агар ушбу вазият инобатга олинса, балки бу ҳолат Туркистонда миллий матбуот пайдо бўлишидаги кечикишнинг энг асосий омил бўлиши мумкин. Туркистон аҳолиси ўз тафаккури ва фикрлаш тарзига кўра, Россия империясидаги бошқа мусулмон халқлардан кескин фарқ қилар эди. Аҳолининг ўта консерватив фикрлаши ҳамда анъаналарга «содиқлиги» сабаб газеталар халқ орасида у қадар оммалашмади. Айнан мана шу сабаблар туфайли ХХ асрнинг 10 йилларида Туркистонда пайдо бўлган миллий матбуотнинг аксари ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.
Абдурашидов Зайнобиддин тайёрлади.
Изоҳ (0)