Аввал хабар берганимиздек, 26 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташриф буюрди. Давлат раҳбари сафар чоғида Чортоқ туманидаги адир-даштликларда барпо этилаётган иссиқхоналар мажмуаси билан танишди.

Президент ва наманганлик уч ака-ука

Фото: Президент матбуот хизмати

Умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳани Golden Nuts Namangan агротоморқа хизмати МЧЖ амалга оширмоқда. Жараёнларни Намангандан туриб ёритаётган «Дарё» мухбири МЧЖ раҳбари Аҳадхон Эгамбердиев билан интервью уюштирди.

ЙТТдан оилавий бизнес сари

«Биз оилавий тадбиркормиз. Акам Акмалхон, укам Камолхон ҳам ишбилармон. Биласиз, Наманган вилоятида кастюм-шим тикиш азалдан урфга кирган. Дастлабки фаолиятимиз мобайнида биз ҳам якка тартибдаги тадбиркор сифатида тикувчилик қилиб, рўзғор тебратганмиз. 2015 йили уч ака-ука бирлашиб, Наманган туманида «Асадбек ғишт саноати» МЧЖни ташкил этдик. Катта лойиҳага қўл урганимиз боис аввалига бироз чўчиганимиз рост. Лекин ўзимизга нисбатан ишонч ва тажриба сабаб астойдил ишлашга енг шимардик.

Аҳадхон Эгамбердиев

Фото: «Дарё»

МЧЖ фаолияти ғишт ишлаб чиқариш ва уни сотишдан бошланди. Кейин 4 гектар майдонга иссиқхона қурдик. 2018 йили мева-сабзавотларни қайта ишлаш цехини ишга туширдик. Шу тариқа фаолиятимиз кенгайиб борди. Ҳозирда оилавий жамиятимизда сунъий гуллар ва юмшоқ ўйинчоқлар ҳам ишлаб чиқарилади. Шунингдек, 100 гектар ерга ғалла ва пахта ҳам экамиз. Жами 400 нафар ишчисига эга «Асадбек ғишт саноати»дан 2019 йили 2 миллиард сўм даромад топдик».

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайта ишланган маҳсулотлар жаҳон бозорига чиқмоқда

«Юқорида айтиб ўтганимдек, икки йилдан бери мева-сабзавотларни консервалаш ва экспорт қилиш билан ҳам шуғулланамиз. Қулупнай, гилос, ўрик, олма, хурмо, помидор, бодиринг каби йигирмага яқин табиат неъматларидан шарбат, мураббо, тузламалар тайёрлаймиз. Бугунги кунда қайта ишланган 45 хил маҳсулотимиз Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва маҳаллий бозордаги ҳамкорларимизга етказиб берилмоқда. Ўтган йили 1 миллион долларлик экспорт қилган бўлсак, бу йил ушбу кўрсаткични 5 миллион долларга етказишни режалаштирганмиз.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маҳсулотларимизга талаб ортгани сари қайта ишлаш учун етарли мева-сабзавотлар топа олмаяпмиз. 2019 йили ҳам бироз қийналдик. Мазкур муаммони вилоят ҳокимига айтиб, ер ажратиб беришларини сўрадик. Бизга мана шу лойиҳани таклиф этишди. Уч ака-ука бажонидил қабул қилдик ва иккинчи оилавий МЧЖ — Golden Nuts Namangan агротоморқа хизматини туздик».

«Битта иссиқхона 13 миллион сўмга битади»

«Янги лойиҳамиз Чортоқ туманидаги баланд адир-даштликларда кўп йиллар давомида фойдаланилмаган майдонда амалга оширилмоқда. Сув, электр энергияси ва йўл муаммоси вилоят ҳокимининг кўмаги билан ҳал этилди. Ҳозир 2 та қудуқдан сув чиқади, келгусида яна 18 та қудуқ қазиш кутилмоқда, 7 километр йўлга эса асфальт ётқизилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

36 гектар ерда барпо этилаётган ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона ҳудуддаги камбағал оилалар учун мўлжалланган. Айни пайтда 800 та иссиқхона қурилиб, ўз эгаларига топширилди. Қолган 200 таси июль ойи охирида фойдаланишга берилади.

Битта иссиқхона 13 миллион сўмга тайёр бўлмоқда. Бандликка кўмаклашиш жамғармаси 6,7 миллион сўм субсидия маблағлари ажратяпти. Қолган 6,3 миллион сўмни эса тижорат банклари 3 йилга имтиёзли кредит сифатида ажратмоқда. Бу эса оилалар учун жуда катта имконият. Умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳага Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 6,7 миллиард сўм субсидия маблағлари ва тижорат банкларининг 6,3 миллиард сўмлик имтиёзли кредити йўналтирилмоқда».

«Камбағал оилаларга ҳамиша маслакдошмиз»

«Лойиҳамиз орқали ‘Бир маҳалла — бир маҳсулот’ тамойили асосида бир жойда экспортбоп сифатли маҳсулот етиштирилади, камбағал оилалар доимий даромад манбаларига эга бўлади ва уларнинг бандлиги таъминланади.

Ўз иссиқхонасига эга бўлган 1000 та оилага яқиндан кўмаклашамиз. Уларга маҳсулотни етиштиришда кўчат, сув, минерал ўғитларни етказиб берамиз. Ҳосил тайёр бўлгач, бозор нархида яна ўзимиз сотиб оламиз ва қайта ишлаб, хорижга экспорт қиламиз.

2 сотихли иссиқхонада уч марта ҳосил етиштириш имконияти мавжуд. Битта иссиқхонада 700 туп помидор кўчати экилган. Ҳар бир туп кўчатдан ўртача 4-5 килограммдан маҳсулот олиш мумкин. Битта оила йилига ўртача 40 миллион сўм соф фойда топади. Бу, албатта, ҳар бир оила ва унинг аъзолари хатти-ҳаракатига боғлиқ. Биз ҳам камбағалликка қарши курашишни мақсад қилганмиз. ‘Темир дафтар’га тушган 1000 та камбағал оила ҳаётини фаровон бўлишига ҳисса қўшсак, кўзлаган мақсадимиздан бирига эришган бўламиз».

Миролим Исажонов суҳбатлашди