АОКА ҳузуридаги штабда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов иштирокида бўлиб ўтган брифингда ходимлар иш жойида ўтказилган мажлисларда ниқобда бўлишлари шарт ёки шарт эмаслиги тўғрисидаги масалага ойдинлик киритилди.

Фото: UzReport

«Ҳар сафар ОАВ орқали айтиб ўтяпмиз: йиғилишлар сонини кескин даражада камайтириш керак. Агарда ушбу йиғилиш фаолият йўналишида ёки бирор-бир муаммони ечимини топиш йўлида аҳамият касб этадиган бўлса, албатта, биринчи навбатда оралиқ масофанинг сақланишини, хоналарнинг шамоллатилишини таъминлаш керак», — дейди Қурбонов.

Бундан ташқари, йиғилишларни ташкил этишда ходимларнинг соғлиғини ҳам инобатга олиш керак.

«Йиғилишда барча ходимлар тиббий ниқобда бўлиши шарт. Тиббий ниқобда бўлиш аввало ўзимизни, қолаверса, жамоани, яъни ёнимиздаги бошқа ходимни касалликдан ҳимоя қилишда, касаллик тарқалишининг олдини олишда аҳамият касб этади», — дейди Ботир Қурбонов.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига йўл қўйган раҳбарлар ишдан олиниши тўғрисида хабар берилганди.