30 май куни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам Андижон филиалига Андижон шаҳар Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.А. тан жароҳатлари билан келиб тушган. Бош прокуратуранинг «Дарё»га маълум қилишича, фуқаронинг калтакланишига алоқадор уч нафар ИИБ ходими ҳибсга олинган.

Маълумотларга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, 30 май куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси («Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш») 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

«Аниқланишича, ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакиллари иш юритувдаги ариза юзасидан фуқаро А.А.ни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турганликлари оқибатида унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, А.А. соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган.

Жиноят иши юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида 1 июнь куни 3 нафар ички ишлар ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жабрланувчи А.А.га шифокорлар томонидан барча тиббий ёрдамлар кўрсатилган бўлишига қарамасдан у 11 июнь куни вафот этган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Қашқадарёда мол ўғирлашда гумон қилинган эркак ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.