Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Фото: «Дарё»

Беҳзод Муҳаммадкаримов суҳбат давомида АҚШда мардикорлик қилган кунлари ҳақида гапириб берди.

Америкага боргунимча ҳарбий хизматни, гастрол сафарларини мусофирчилик ҳисоблаб юрар эканман, аслида ундай эмас экан. Ҳарбийга борганимизда бизга масъул одамлар бўлар эди, гастролларда ҳам шундай эди. Ҳақиқий мусофирчиликни эса Америкада кўрдим. У ерда иш тополмасангиз ёки ишингизни йўқотиб қўйсангиз, бирдан «минус»га кетишни бошлар экансиз. Шу сабабли тирикчилик учун дуч келган ишни қиласиз.

Мисол учун, мен бизникилар қилиши мумкин бўлган барча ишларни қилдим. Яширмайман, қора ишларни қилдим. Ишни меҳмонхонада чойшаб ва ёстиқларни ташишдан бошладим. Кейин магазинда полларни тозалаб, лаклайдиган ишга кирдим. Асосан, кечқурун ишлардим. Бу ҳам етмагандек кундузи ҳам иш олардик, кундузи топганимизга Америкада яшардик, кечқурун ишлаган пулимизни Тошкентга — уйга юборардим.

Кечаси билан ишлаб, кундузи яна пешингача ишлардим. Ҳар куни шундай: дам олиш кунларисиз ишлардим. Бир марта — унда ҳам Янги йилда бир кун дам олардим. Тўғрисини айтсам, фақат кечқурун ишлаганимиз учун йиллаб қуёшни кўрмаган вақтларим бўлди.  Ресторанда идиш-товоқ ювдим, официантлик қилдим, пицца ташидим, қурилишда ишладим, юк ташувчи бўлиб, уй кўчирдим. Ҳаттоки музқаймоқ чиқарадиган цехда ишлаб, музқаймоқ ҳам тайёрладим.  Бир йигитга қирқ ҳунар оз, деган мақолни амалда ўзимда кўрдим ва исботладим.

Беҳзод Муҳаммадкаримов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист

Маълумот учун, Беҳзод Муҳаммадкаримов «Шайтанат», «Амир Темур», «Ўткан кунлар», «Паризод», «Оқ бино оқшомлари», «Тангалик болалар», «Сўғдиёна», «Омонат», «Буюк Турон» каби фильмларда турли даражадаги ролларни ижро этган.