Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида жойлашган Шўрчи тиббиёт коллежи директори ўқишга киритиш учун бир фуқародан 200 доллар пора олган вақтида қўлга тушди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура томонидан маълум қилинди.

Фото: «Дарё»

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда коллеж директори пора билан ушланган.

Маълум қилинишича, Шўрчи тиббиёт коллежи директори С.С. фуқаро А.Н.ни коллежга ўқишга киритиб қўйиш эвазига тўлов контракти учун 4,5 миллион сўм ҳамда ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун 200 доллар сўраган. Директор мазкур пулларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан С.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.