Ижтимоий тармоқларда 11 июнь, пайшанба куни Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида бир неча аёл бошқа бир аёлни уриб, сочларини кесиб «самосуд» қилгани акс этган видео тарқалди.
Хоразм вилояти ИИБ томонидан маълум қилинишича, ушбу видеолавҳа вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан зудлик билан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, видеодаги ҳолат 2020 йил 9 июндан 10 июнга ўтар кечаси Қўшкўпир туманида содир бўлган. Жабрланувчининг шу куни ҳудуд профилактика инспекторига қилган мурожаати асосида ИИБ навбатчилик қисмида белгиланган тартибда ҳисобга олиниб, суриштирув ишлари бошланган.
Ҳолатга алоқадор барча шахсларнинг, шу жумладан, уни телефонда видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган эркакнинг ҳам шахсига аниқлик киритилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б», «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)