Наманган вилоятида фермер хўжалиги раҳбари фуқарога 2 гектар ер ажратишни ваъда қилиб, ундан минг АҚШ доллари ва 10 миллион сўм маблағни олган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Хабарга кўра Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Наманган вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Наманган туманида фаолият юритувчи «А.Н.» фермер хўжалиги раҳбари А.С. фуқаро А.Х.нинг ишончига кириб, уни алдаб, фермер хўжалигининг 2 гектар ер майдонида тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари ва 10 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

А.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 1-қисми (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.