Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Андижон шаҳридаги диққатга сазовор маскан — «Боғи Бобур»дан фотожамланма тайёрлади.
«Боғи Бобур» — Андижон шаҳрининг жануби-шарқида — Буюк Ипак йўли ёқаси (Боғишамол)даги адирда жойлашган. Боғ Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллиги муносабати билан 1993 йилда фойдаланишга топширилган. 357 гектар майдонни эгаллаган боғ Кобул шаҳридаги «Боғи Бобур»га қиёсан қурилган.
Боғга кириш учун шарқона услубда қурилган мармар дарвоза йўлакдан кўп поғонали зиналар орқали юқорига кўтарилади. Биринчи супачада Бобурнинг ҳайкали ўрнатилган.
Юқорироқда «Бобур ва жаҳон маданияти» музейи қад кўтарган. Унинг мовий гумбази ичидаги ва деворидаги безак расмлари «Бобурнома» асари мазмунида чизилган.
Музей кўргазмаларида Бобур ҳаёти ва меросини ўрганишга бағишланган халқаро илмий экспедиция томонидан олиб келинган ноёб қўлёзмалар, китоблар ва тарихий ашёлар, Бобур асарларининг қўлёзма нусхалари, хусусан, «Хатти Бобурий»да Бобур ўз қўли билан кўчирган Қуръони Карим нусхалари, Бобур даври қурол-аслаҳалари, сарой аҳли кийимлари, бобурий подшоҳлар зарб қилдирган танга пуллардан намуналар қўйилган.
Музейнинг икки ёнидан ўтган мармар зинали йўл яна ҳам юқорига, сўнгги супага кўтарилади. Бу ерда Бобурнинг рамзий қабр-сағанаси (Кобулдаги Бобур қабри тупроғидан олиб келиб қўйилган) жойлашган. Рамзий қабрдан юқорига кетган йўл болалар ўйин майдончаларига олиб чиқади. Истироҳат боғининг юқорисига узунлиги 2 километр бўлган осма йўл ҳам ўрнатилган. Боғда ҳунармандчилик буюмлари дўкони, шунингдек, чойхона, ошхона ва бошқа дам олиш масканлари бор. Алоҳида дам олиш жойида концерт саҳнаси, кураш ва бошқа мусобақалар ўтказиладиган майдон қурилган. Боғда 20 хилдан ортиқ мевали, 10 дан ортиқ манзарали дарахтлар экилган.
Мавзуга доир: Фото: Андижон вилоятининг саёҳатбоп 7 маскани
Изоҳ (0)