АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб, Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида юзага келган фалокат сабабли ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Дональд Трамп ўз мактубида Сардобадаги фалокат оқибатларини бартараф этиш учун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги USAID томонидан маблағ ажратилганини таъкидлаб ўтган.

Шунингдек, АҚШ президенти коронавирус пандемиясига қарши чора-тадбирлар учун Ўзбекистон томонидан ёрдам сўралганини қайд этиб, мазкур сўров тез фурсатларда кўриб чиқилишини таъминлаш учун ўз маъмуриятига кўрсатма берганини маълум қилган.

Қуйида Дональд Трамп томонидан йўлланган мактуб матни тўлиқ тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Президент Жаноблари!

Сизга ва 2020 йил 1 май куни Сардоба сув омборининг тўғони қисман қулаши оқибатида жабрланганларга ҳамдардлик билдираман. Сув остида қолган уйлар, кўчирилган аҳоли, вайрон бўлган йўллар ва фермер хўжаликлари тасвирларини кўриш қалбни ларзага солади.

Шахсий эътибор ва тезкор чоралар кўриш орқали сиз лидерлик хусусиятларини намойиш этдингиз. Давлат департаменти ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ҳам ушбу фожиага жавобан дарҳол чора кўрдилар ва кўмак кўрсатишга қаратилган саъй-ҳаракатларимиз учун маблағ ажратдилар.

Америка Қўшма Штатлари ушбу мушкул пайтда Ўзбекистон ва унинг халқига елкадошдир.

Шу билан бирга, коронавирусга қарши курашда биргаликда иш олиб борар эканмиз, ушбу мудҳиш пандемияга қарши чора-тадбирлар учун ёрдам бўйича сўровингиз тез фурсатларда кўриб чиқилишини таъминлаш учун маъмуриятимга кўрсатма бердим.

Ҳурмат билан,

Дональд Трамп,

Америка Қўшма Штатлари президенти

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги USAID қошидаги Табиий офатларда ёрдам кўрсатиш бошқармаси орқали Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги тошқин оқибатида жабр кўрган аҳолига кўмак бериш учун 100 минг доллар ажратаётгани ҳақида хабар берилганди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм 29 май куни Сардоба сув омбори ўпирилиши сабабли «Соғлом авлод учун» нодавлат хайрия жамғармасига зарур воситаларни топширди.

Бундан ташқари, USAID коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга февральмарт ва апрель ойларида ёрдам кўрсатди. АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC/CAR) Марказий Осиё ҳукуматларининг COVID-19’га қарши саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 6,8 миллион доллар ажратди, бунинг 2,07 миллион доллари эса Ўзбекистонга берилди. Шунингдек, COVID-19 пандемиясига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар доирасида АҚШ ҳукумати USAID орқали Ўзбекистонга қўшимча 3 миллион доллар ажратиши маълум қилинди. USAID 5 июнь куни Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига коронавирус тести ўтказиш учун зарур воситаларни етказиб берди.

Бундан ташқари, АҚШ ҳукумати USAID орқали COVID-19 пандемияси даврида Марказий Осиёда муҳожирларни ҳимоя қилиш учун 2 миллион доллар ажратишни режалаштирган.