Термизда сохта диплом расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, фуқародан 8 миллион сўм олган касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га ДХХдаги манбалари хабар берди.

Маълум бўлишича, Термиз банк коллежи директори ўринбосари Б.Ў. фуқарога Музработ ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битирганлик тўғрисида сохта диплом расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Шу мақсадда ундан 8 миллион сўм олаётганида ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги департамент вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида ушланган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида у мазкур масалада ёрдам беришини айтиб, муқаддам 2 миллион сўм олганлиги ҳам аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.