«Яндекс» компанияси ва Hyundai Mobis ҳайдовчисиз бошқариладиган янги авлод моделини тақдим этди. Мазкур модель Hyundai Sonata седани базасида яратилган, деб хабар беради «Известия».
Таъкидланишича, бу турдаги бешта автомобилни Москва кўчаларида синовдан ўтказиш март ойида бошланган. Ҳамкорлик доирасида 2020 йилнинг охирига қадар «Яндекс» автоном паркидан ҳайдовчисиз бошқариладиган Hyundai Sonata моделларининг 100 дона версияси ўрин олади.
Автоном ҳаракатланадиган янги авлод автомобилларида камералар сони кўпайтирилган, жумладан, турли масофани аниқловчи фокуслар қўшилган. Шунингдек, лидар ва радарлар жойлашуви ҳам ўзгарган. Жорий этилган барча янгиликлар ҳайдовчисиз бошқариладиган Hyundai Sonata седанига ҳаракат иштирокчилари ҳамда турфа йўл шароитлари тўғрисида максимал ва ишончли маълумотларни олиш имконини беради.
Аввалроқ Hyundai компанияси ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобиллар ишлаб чиқаришга 2 миллиард доллар ажратиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)