АҚШда полиция томонидан қўлга олинган қора танли Жорж Флойднинг ўлимидан сўнг, мамлакатнинг кўплаб шаҳарларида юзага келган оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. Мазкур намойишлар фонида айрим иштирокчилар маҳаллий дилерлик марказларига ўғриликка тушган. Кўплаб автомобиллар ўғирлаб кетилган, айримлари эса ёқиб юборилган, деб хабар беради Motor.
Мародёрлар Калифорния штатидаги Окленд шаҳрида жойлашган Mercedes-Benz дилерининг автосалони ойналарини синдириб, унинг ичига кирган. Номаълум кимсалар залга қўйилган янги C-Class, CLA ва GLE моделларини устига бўёқлар билан чизиб ташлаб, шикаст етказган. Бундан ташқари, жиноятчилар қиймати 150 минг доллар турадиган Mercedes-AMG GT Coupe’ни ёқиб юборган.
Ушбу шаҳарда жойлашган Honda дилерининг бироз омади чопган. Босқинлар оқибатида мародёрлар витриналарни синдириб, қиймати 30 минг доллар турадиган CR-V кроссоверини миниб қочган. Шунингдек, вандаллар яна бир автомобилни ёқиб юбориб, офисдаги барча техникаларни ўғирлаган.
Энг кўп зарарни Сен-Леандро шаҳрида жойлашган Chrysler Dodge Jeep автодилери кўрган. Салон эгаси ҳар бирининг нархи камида 100 минг доллар турадиган 50 га яқин Dodge Challengeр Hellcat спорткарларидан айрилган.
Мародёрлар автосалонга кириб, калитлар сақланадиган сейфни очган ва ҳар бир автомобилни миниб қочган. Салон эгасининг сўзларига кўра, барча спорткарларга ўғрилик ҳолатларига қарши датчиклар ўрнатилган ва ҳозирда миниб қочилган автомобилларнинг аксарияти йўллар бўйлаб эркин ҳаракатланмоқда.
Аввалроқ АҚШдаги норозилик намойишчилари Манхеттендаги дўконларни ўмаргани ҳақида хабар берилганди. Apple компанияси эса ўғирланган iPhone’ларни «ғиштга» айлантириб қўйган.
Изоҳ (0)