1 июнь Афғонистон тарихида ўзига хос из қолдирган, ўзининг ислоҳотлари билан кенг жамоатчиликка яхши таниш бўлган амир Омонуллахоннинг туғилган куни. Сана муносабати билан бугунги мақолада ўз ўрнига эга тарихий шахс ҳақида ҳикоя қиламиз.

Айн уд-Давла – давлатнинг кўзи

Омонуллахон 1892 йилнинг 1 июнь куни Афғонистоннинг Пағмон шаҳрида дунёга келган. У Афғонистон амири Ҳабибуллахоннинг учинчи ўғли ҳисобланади. У Кобулдаги ҳарбий мактабда таҳсил олган. Буюк Британия протекторати ҳисобланган Афғонистонда ўша пайтларда ислоҳотлар жараёни кечмоқда эди. Бунда асосий ролни ўйнаётган Маҳмуд Бек Тарзий эди. Ёш Омонулла у билан яқин муносабатлар ўрнатади. Маҳмуд Тарзийнинг раҳнамолиги остида мамлакатда ягона «Сирож ул-Акбар» газетаси чиқарилади. Омонуллахон отаси тарафидан «Айн уд-Давла», яъни «Давлатнинг кўзи» рутбасини олади. Омонулла, шунингдек, ўз атрофига ислоҳот ҳамда мустақиллик тарафдорларини тўплашдан чекинмас эди.

Афғонистон қироли Омонуллахон.

Фото:  Encyclopedia Britannica

1919 йил 20 февраль куни Ҳабибуллахон овда юрганида ўлдирилди ва укаси Насруллахон Жалолободда марҳумнинг икки катта ўғли ёрдамида ўзини амир деб эълон қилди. Бу пайтда Кобулда бўлган Омонулла амакисининг ҳокимиятини тан олишдан бош тортди ва қўшин билан Жалолободга қараб юрди. Буни эшитган Насруллахон қўшини қуролларини топшириб таслим бўлди ва етти кунлик бошқарувдан сўнг тахтни Омонуллахон эгаллади ва мамлакатнинг ҳурматли кишилари уни Амир деб эълон қилди. Шундан сўнг у мамлакат мустақиллигини эълон қилди ва унинг ҳукуматининг бошланиши учинчи инглиз-афғон уруши ёки мустақиллик уруши билан бошланди. Уруш 1919 йил май ойидан августгача давом этди ва унда Афғонистон ғалаба қозонди ҳамда мустақилликни қўлга киритди.

Омонулланинг илк рафиқаси Гулпари хоним ўғли Ҳидоятуллони дунёга келтириш пайтида оламдан кўз юмади. Кейин Омонуллахон Маҳмуд Тарзийнинг қизи Сурайё Тарзийга уйланади. Айнан мана шу никоҳ мамлакатда амалга оширилган аёллар билан боғлиқ ислоҳотларда катта рол ўйнайди. Маҳмуд Тарзий эса мамлакат ташқи ишлар вазири ҳамда Омонуллахоннинг ҳомийсига айланади. Омонуллахон мамлакатда ислоҳотлар қилишга шошилди ва бу йўлда бироз тезкорлик ва радикал усулларни қўллади. Бу эса унинг тахтдан ағдарилишига олиб келди. Хўш, у қандай ислоҳотларни амалга оширди?

Омонуллахон – ислоҳотчи

Ҳукмронлигининг дастлабки беш йили ислоҳотлар даври бўлди. Бунинг учун Омонуллахон 25 кишидан иборат ислоҳотлар комиссияси ташкил этди. Комиссия таркибига амир ва унинг яқин ёрдамчилари киритилди. Ислоҳотлар қуйидагилардан иборат эди:

  • Молия тизимини тартибга солиш: авваллари инглиз субсидияларига кетган давлат бюджетини яратиш. Ислоҳотлар учун пул керак эди. Шунинг учун давлат ерлари сотила бошланди, бир қатор диний ташкилотларнинг ер участкалари қайтариб олинди. Халқни қийнаб келаётган солиқ мажбуриятлари ҳам енгиллаштирилди ва солиқ пул кўринишида олина бошланди.

Шунингдек, кредит ташкилотлари пайдо бўла бошлади ва улар жуда юқори фоизли кредитлар ажратди. Деҳқонлар қарз сиртмоғига тушиб қолди.

  • Ерга хусусий мулкдорлик жорий қилинди;
  • Баъзи ўрта аср юридик институтлар, айниқса, хизмати учун ерга эга бўлиш бекор қилинди;
  • Маҳаллий ва марказий давлат аппаратини кучайтириш. 20-25 йиллар давомида ягона марказлашган давлатни яратишга қаратилган бир қатор қонунлар қабул қилинди. Сиёсий тизимдаги барча ислоҳотлардан, Афғонистонда парламентаризмнинг бир нечта асослари асосланган монархия тузумини ўрнатган 1023 йил 10 апрелдаги «Асосий қонун» ёки Афғонистон Конституцияси алоҳида аҳамиятга эга эди. Амир олий ҳокимиятнинг эгаси деб эълон қилинди;
  • «Асосий қонун» барча субъектларнинг миллий ва диний мансублигидан қатъи назар тенглигини, шахсий эркинликни, мулк дахлсизлигини, матбуот эркинлигини эълон қилди;
  • Конституцияда қонунлар, бюджет ва хорижий давлатлар билан тузилган шартномаларни муҳокама қилиш ва тасдиқлаш учун энг юқори даражадаги маслаҳат органи – Давлат кенгашини тузиш кўзда тутилган. Давлат кенгаши 50 кишидан иборат бўлиб, ярми вилоят аҳолисидан сайланди, қолганлари эса амир томонидан тайинланди;
  • Ҳукумат томонидан 1923 йилда эълон қилинган «Давлат тизими тўғрисида»ги қонунга мувофиқ маҳаллий ҳокимиятнинг сайлов органлари — туманлар ва вилоятлар миқёсида Маслаҳат йиғилиши ташкил этилди;
  • Суд ислоҳоти. Суд жараёнлари исломий тизимдан олиниб давлат назоратига ўтказилди.
  • Таълимни модернизация қилиш. 1921 йилда 3 даражадаги умумтаълим мактаблари яратилди: бошланғич беш йиллик, ўрта ва ўқитувчилар коллежларига тенг келадиган ўқитувчилик семинариялари. Умуман олганда, ислоҳотлар мунозарали эди;

1927–1928 йиллар давомида у жами етти ой Европа бўйлаб саёҳат қилади. Бундан кўзланган мақсад эса Европа давлатларидаги ислоҳотларни кузатиш ва улардан андоза олиш эди. Унинг кейинги ислоҳотлари бевосита шу саёҳатлардан кейинги хулосалари натижасида амалга оширилган:

  • мамлакатни техник ривожлантириш бўйича лойиҳалар — янги йўллар, электр ва радиостанциялар қурилиши;
  • давлат ва хусусий банкларни ташкил этиш;
  • университетга асос солиниши;
  • янги шифохоналар қуриш;
  • янги Фуқаролик ва Жиноят кодексининг лойиҳаларини тасдиқлаш;
  • 11 ёшгача бўлган ўғил ва қизларнинг биргаликда ўқиши тўғрисидаги қарор;
  • Европача кийимларни кийиш ва паранжининг ечилиши

Фото: Wikipedia

Шунингдек, Омонуллахон оила ва аёллар муносабатларини тартибга солувчи бир қатор ислоҳотларни ҳам амалга оширди. Шу мақсадда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Оила кодекси ишлаб чиқилди. Бу борадаги ислоҳотларга унинг аёли Сурайё Тарзий катта ҳисса қўшди. Кодекс қуйидагиларни аниқ белгилаб қўйди:

  • Жуда ёш қизларнинг жуда қари кишига турмушга чиқиши тақиқланди;
  • Никоҳнинг ҳаққонийлигига шубҳа туғдирмаслик учун келинга никоҳ шартномасининг зарурлиги;
  • Никоҳ тўйи учун максимал харажатларга чеклов ўрнатиш;
  • Аёлларнинг зулмга, зўравонликка ва адолатсизликка учраш ҳолати билан боғлиқ вазиятларда суд тартибининг жорий этилиши. Улар қиролича Сурайё ҳомийлик қилган бирлашма (аёлларни ҳимоя қилиш уюшмаси) томонидан қўллаб-қувватланиб, адолат ва ҳимоя истаб мурожаат қилишлари мумкин эди.

1921 йилда Сурайё Тарзий томонидан мамлакатда илк қизлар мактаби ташкил этилди. Дастлаб 50 та қиз ўқиган бўлса, кейинги икки йилда улар 700 тага чиқди. Шунингдек, паранжини бекор қилиш ҳам йўлга қўйилди ва қироличанинг ўзи бунда ўрнак бўлди. Аммо бу каби ҳолатлар жамиятда қарама-қаршиликларни келтириб чиқараверди.

Омонуллахон ва Олимхон

1920 йил сентябрь ойида Бухоро амири Олимхон Совет Россияси ҳужумидан сўнг шарқий Бухоро орқали Афғонистон амири Омонуллахон ҳузурига қочишга мажбур бўлади. Уларнинг муносабатлари ҳақида тарих фанлари доктори, тожикистонлик профессор Камолиддин Абдуллаев қуйидаги маълумотларни келтиради:

Амир Олимхон 1911 йилда.

Фото: С.М. Прокудин-Горский

Афғонистон амири қувғин қилинган амир Олимхонни ҳурмат қилар эди ва унга Кобулдан 18 километр узоқда Чардех водийсида жойлашган Қалъа-и Фатҳ қишлоғида шарафли қароргоҳ берди. Бу ерга собиқ амир билан биргаликда унинг 200 га яқин одамлари жойлашдилар. 1921 йил 17 майда Омонуллахон ҳатто Саид Олимхоннинг келиши муносабати билан катта зиёфат уюштирди. Афғонистон пойтахтида у Омонуллахоннинг фахрий асирига айланди. У Бухоронинг қочоқ амири туфайли Москвани ғазаблантирмоқчи эмас эди. Олимхон 1921 йилдан 1944 йилгача яшаган уй ҳам қурилган. Аммо уй ким томонидан қурилганини аниқ билмайман.

Омонуллахон ва СССР – 1929 йилдаги СССР махфий экспедицияси

Инглизлар мағлуб этилганидан кейин Омонуллахон биринчилардан бўлиб Совет Республикасини тан олди ва Москвага тинчлик ва дўстлик шартномасини имзолаш таклифини илгари сурди. Шу мақсадда у Москвага, Ленин номига хат ёзади:

Буюк Россия давлати етакчиси Владимир Ленин Жаноби олийларига!  Сизни мен тахтга ўтирганим ва тож кийганим тўғрисида хабардор қиламан. Сиз жаноби олийлари одамлар тинчлиги ва фаровонлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишдек шарафли ва олижаноб вазифани ўз зиммангизга олганингиз сабабидан мен сизга биринчилардан бўлиб афғон халқи номидан самимий дўстлик номасини юборишдан мамнунман. Дўстингиз Омонуллоҳ. Кобул, 1919 йил 7 апрель.

Бунга жавобан Ленин ҳам Омонуллахонга хат ёзади. Унда қуйидагиларни ўқиш мумкин:

Афғонистон амири Омонуллахон ҳазрати олийларига! Икки буюк халқлар ўртасида доимий дипломатик алоқалар ўрнатилиши чет эллик йиртқичларнинг бошқаларнинг озодлиги ва мулкига қилинган ҳар қандай тажовузга қарши ҳамкорлик қилиш учун кенг имконият яратади. Сиздан Москвада доимий расмий вакилингизни тайинлашингизни сўраймиз ва Кобулга ишчилар ва деҳқонлар ҳукумати вакилини юборишни таклиф этамиз, уларнинг зудлик билан рухсат олишларига ҳазрати олийларининг расмийларга буйруқ беришларини сўраймиз. V. Ленин. Москва, 1919 йил 27 май.

Омонуллахоннинг Совет Россияси, кейинчалик эса СССР билан муносабатлари мўътадил бўлган. Кўпинча у СССР билан эҳтиёткор ташқи сиёсат олиб борган дейишимиз мумкин. Унинг Фарғона ва Бухоро мужоҳидларига берган ёрдамлари ҳақида бир қатор маълумотлар мавжуд. Шунингдек, унинг Бухоро амири Олимхонни советларга топширмаганини ҳам қайд этиш лозим. Аммо шу билан бирга Олимхоннинг ҳаракатларини ҳам чеклаб қўйиб, унга Бухорода совет ҳокимиятини ағдариш учун кўтарилган истиқлолчилар ҳаракатига ёрдам беришига тўсқинлик ҳам қилган. Шуларнинг ўзи ҳам унинг СССР билан боғлиқ ташқи сиёсати қандай асосга қурилганини кўрсатиб туради.

1921 йилда икки мамлакат ўртасида дўстлик ҳақида битим имзоланди. 1924 йил кузида Кобулда совет учувчилари пайдо бўлди, уларни афғон расмийлари тоғларда яширинган маҳаллий исёнчилар билан курашишга таклиф қилишган эди. Совет авиациясининг ютуқларидан ҳайратланган Омонуллахон СССРдан мамлакатда ҳарбий ҳаво кучлари тузишда ёрдам сўрайди ва бу советлар томонидан мамнуният билан қабул қилинади. СССР ҳарбийларининг чақирилишига эса амирнинг ислоҳотларига қарши бўлган исёнчиларга қарши курашиш эди. 1928 йилнинг охирида исён кучайиб, Омонулла Қандаҳорга қочишга мажбур бўлади ҳамда оз сонли тарафдорлари билан тахт учун курашга киришади.

Унинг элчилари Москвага СССРдан ҳарбий ёрдам сўрашга боради. Унинг ўзи ҳам ўша йили СССРга расмий ташриф билан борган эди. Афғонистонда расмий ҳокимиятнинг алмашиши ўзи шундоқ ҳам нотинч бўлган СССРнинг жанубий ҳудудларини хавф остига қўйиши мумкин эди. Чунки Омонуллахон бухоролик мужоҳидларнинг ҳаракатларини бир мунча тийиб турган эди, аммо унинг ўрнига келган Бачаи Сақо – Ҳабибуллахон уларга хайрихоҳ эди. Чунки Бухоро мужоҳидлари учун СССР кофирлар ҳукумати,  Бачаи Сақо эса диний тузум тарафдори эди. Ҳатто Бачаи Сақо Амир Олимхон ҳузурига келиб, агар СССРга қарши жиҳод қиладиган бўлса, унинг ёнида туришини айтади. Аммо Бачаи Сақо ҳокимияти узоққа бормагани сабабли бу иш амалга ошмайди.

Қизил армия Афғонистонда, 1929 йил.

Фото: «Военное обозрение»

Сталин узоқ ўйлашлардан кейин 1929 йил март ойида ёрдам беришга қарор қилди. Дастлаб гап СССР ҳудудига қочиб ўтган Омонуллахон тарафдорларини тайёрлаш ҳақида борган бўлса, кейинчалик армия киритишга қарор қилинди. Қизил армия қўшинларига Афғонистондаги ҳарбий атташе Виталий Примаков қўмондонлик қилди. Уларга мамлакат шимолига кириб, Кобулга қараб юришга буйруқ берилди. Улар шимолдаги халқ уларни илиқ кутиб олишига ишонди. Барча тайёргарлик ишлари махфий тарзда олиб борилди. Примаковга туркча Роғиб Бей исми берилди. Барча аскарлар афғонча кийим бош ва афғонча исмлар билан таъминланди. 1929 йил 15 апрель куни Амударёдан ўтиш бошланди. Ҳаводан нариги қирғоқдаги афғон чегара пунктларига зарбалар берилди. Маҳаллий ҳокимият СССР ваколатхонасига нота юборди, ваколатхона эса буни тан олмади. Операция махфий бўлганлигидан улар бу ҳақда билмас эди.

Оқибатда СССРнинг Афғонистонда амалга оширган бу ҳарбий экспедицияси мағлубият билан якунланди. Бунга эса афғон халқининг совет армиясига бўлган нафрати ва уларнинг ҳамкорларининг ишончсизлиги эди. Шундай вазиятда Омонуллахон курашдан воз кечиб, ҳозирги Покистон — ўша пайтдаги Британия Ҳиндистонига қочиб кетади ва у ердан Италияга, кейин эса Швейцарияга кетади. 1929 йилнинг 28 май куни Примаков ўрнига қолдирилган Али Афзалхон – Александр Черепанов зудлик билан аскарларни СССР ҳудудига қайтариш ҳақида буйруқ олади. Аскарлар келган йўллари билан орқага, Термизга қайтиб кетади. Примаков эса 1937 йилги «Тухачев иши» бўйича отиб ташланади.

Тахтдан ағдарилиши ва муҳожирликнинг бошланиши, вафоти

1928 йилнинг август ойида Омонуллахон юқорида эсга олган ислоҳотларни Лоя Жирға – мамлакат вакиллар кенгаши томонидан тасдиқланишига эришади. Аммо бу ислоҳотларга қаршилар ҳам йўқ эмас эди. Булар, асосан, анъанавий диний жамият тарафдорлари бўлган руҳоний қатлам эди, чунки бир қатор суд ва қозилик ишлари дунёвий ҳукумат ва суд тизимлари ўтказилди ва аёлларнинг диний эътиқоди талаби бўлган паранжилар тақиқланди. Полиция хоҳлаган уйга кириб аёлларнинг паранжисини ечиб олиши мумкин эди. Ислоҳотга қарши бўлган навбатдаги тоифа Ҳазаражат ва Хост туманларидаги қабилалар эди.

Чунки уларда бўлган солиқ имтиёзлари тугатилган ва ҳарбий хизмат жорий этилган эди. Деҳқонлар ҳам юқори даражадаги солиқлар белгиланиши ортидан ислоҳотлардан норози бўлишди. Ана шундай норозиликлар ошиб бораётган бир пайтда мамлакатнинг тожик миллатига мансуб аҳолиси орасидан Бачаи Сақо исён кўтаради ва 1929 йил январь ойида Кобулни эгаллаб, ўзини Ҳабибуллоҳ Калаконий исми билан амир деб эълон қилади. 14 январь куни Омонулла укаси Иноятулло фойдасига тахтдан воз кечади, аммо уч кундан сўнг Бачаи Сақо ҳукуматни эгаллайди. Совет армияси кўмагига қарамай, Омонуллахон мамлакатни тарк этади ва Швейцарияда яшайди. 1960 йилда Сюрих шаҳрида вафот этади. У Жалолободдаги отасининг мақбарасига дафн этилади.

Хулоса ўрнида

Омонуллахон, шубҳасиз, Афғонистон тарихидаги энг машҳур шахслардан бири. Унинг амалга оширган ислоҳотлари таҳсинга сазовор. Аммо унинг бу ислоҳотларни жамиятнинг кайфиятини ўрганмасдан туриб амалга оширишга уриниши, бу борада радикал йўллардан боргани ислоҳотларнинг охирига етмасдан, ўзининг эса тахтдан ағдарилишига олиб келди. Унинг ислоҳотчилик ҳаракатларини Афғонистоннинг сўнгги монархи Муҳаммад Зоҳиршоҳ ҳам давом эттирди.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.