Мадриднинг «Реал» клуби Ла Лига жорий мавсумидаги қолган уй учрашувларини «Сантьяго Бернабеу»да ўтказмайди. Бу ҳақда «қаймоқранглилар» президенти Флорентино Перес маълум қилди.

Фото: Getty Images

«Биз қолган уй учрашувларини «Альфредо ди Стефано» аренасида ўтказишга қарор қилдик. Бу «Сантьяго Бернабеу»даги қурилиш ишларининг тезлашишига хизмат қилади», — дейди Перес.

Аввалроқ «Реал»нинг асосий уй стадионида таъмирлаш ишлари бошлангани маълум қилинганди. Аслида таъмирлаш ишлари мавсумлар оралиғида бошланиши режалаштирилганди. Бироқ клуб коронавирус сабабли юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиб, ишларни бошлаб юборганди. Мазкур лойиҳа 570 миллион еврога баҳоланган бўлиб, ўйингоҳнинг ташқи кўринишида ўзгариш юз беради.

Эслатиб ўтамиз, Ла Лига 13 июндан давом эттирилади. «Реал» мавсум рестартидан кейинги дастлабки баҳсни, 14 июнь куни «Эйбар»га қарши ўтказади.

«Альфредо ди Стефано» стадиони 2006 йилда барпо қилинган бўлиб, ўз бағрига 6 минг томошабинни сиғдира олади. Бироқ Примера жорий мавсуми мухлисларсиз ўйингоҳларда ўтади.

«Альфредо ди Стефано» стадиони

Фото: «Реал»

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!