АҚШда афро-америкалик Жорж Флойднинг полиция томонидан ўлдирилганидан сўнг, бошланган норозилик намойишлари оқибатида оммавий тартибсизликлар ва босқинлар юзага келди. Тартибсизликларнинг айрим иштирокчилари дўконларга ўғирликка туша бошлади — бу Apple’нинг савдо нуқталарини ҳам четлаб ўтмади. Бир неча Apple Store дўконларидан кўплаб iPhone ва компаниянинг бошқа гаджетлари ўғирлаб кетилган, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Бироқ компания бунга қарши зудлик билан чора кўрди. Ижтимоий тармоқларда ўғирланган смартфонлар компания томонидан блокка тушириб қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Apple дўкондан ноқонуний олинган гаджетларни қайтаришни сўраб, қурилма кузатилишини ва у ҳақдаги маълумотлар ҳукумат вакилларига берилишидан огоҳлантирган. Таъкидланишича, дўконда рўйхатдан чиқарилмаган гаджетлар автоматик равишда блокланади. Бу ўғри ва босқинчилардан ажойиб ҳимоя ҳисобланади.