Инсоният янги Crew Dragon космик кемаси билан фахрланиши мумкин. Бу ҳақда SpaceX раҳбари Илон Маск NASA’нинг тўғридан-тўғри эфири вақтида маълум қилди.

Фото: Reuters

«Ушбу кема инсонлар томонидан инсонлар учун яратилган. Ўйлашимча, инсоният шу кунларда содир бўлаётган воқеалардан фахрланиши мумкин», — дейди Маск. Унинг таъкидлашича, Crew Dragon’нинг учирилиши «қалбан тадқиқотчи бўлганларда хайрихоҳлик ҳиссини уйғотади» ва у ўзида ҳам турли ҳиссиётлар жунбушга келтираётганини тан олган.

Маскнинг сўзларига кўра, ушбу миссия «инсонларнинг мултисайёрали турига айланиши йўлидаги биринчи қадам» ҳисобланади. Ўз навбатида, у «ғалабани эълон қилишга» ҳали эрта эканлигини таъдилаган: эндиликда SpaceX астронавтларни соғ-омон ерга қайтариб олиб тушиши ҳамда парвозлар яна қайта ва қайта амалга оширилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Бортида икки астронавт — Дуглас Хёрли ва Роберт Бенкен бўлган Crew Dragon кемаси 30 май куни (Тошкент вақти билан 31 майга ўтар кечаси) Флоридадаги Кеннеди космик марказидаги майдончадан муваффақиятли старт олди. Парвоз иккинчи уринишда амалга оширилди — 27 май куни стартга 16 дақиқа қолганида парвоз ноқулай об-ҳаво шароити туфайли қолдирилган эди.