«Реал» футболчилари мавсум якунларига кўра камайган маошларини компенсация қилиб олиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойи бошида ўйинчилар маошнинг ўн фоизга қисқаришига рози бўлганди. Бироқ раҳбарият мусобақалардаги натижа учун тақдим этиладиган бонус пулларни бекор қилиш масаласини кўриб чиқмаган.
Шу тариқа «Реал»нинг ҳар бир ўйинчиси солиқлардан сўнг Ла Лига ғолиблиги учун 300 минг евро ва Чемпионлар Лигаси бош соврини учун 420 минг евро миқдоридаги бонусга эга бўлади. Мазкур бонуслар кўплаб футболчиларга маошидаги йўқотишнинг ўрнини тўлдиришга хизмат қилади.
«Реал» Ла Лига 27-туридан сўнг 56 очко тўплаган ҳолда 2-ўринда кетмоқда ва пешқадам «Барселона»дан 2 очкога ортда қолган. Чемпионлар Лигасининг 1/8 финали дастлабки баҳсида мадридликлар ўз уйида «Манчестер Сити»га 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйган. Жавоб баҳси коронавирус сабаб қолдирилганди.
Аввалроқ Испания бош вазири Педро Санчес Ла Лига мавсуми 8 июндан давом эттирилишини маълум қилганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)