2020 йил 18 май куни Халқаро валюта жамғармаси директорлар кенгаши томонидан коронавирус пандемиясининг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистонга 375 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши маъқулланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар қилган.

Фото: CNN

Вазирликнинг маълум қилишича, имтиёзли кредитлар ўз ичига 10 йиллик муддат билан (5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда) 125 миллион долларга тенг фоизсиз тезкор кредитлаш линияси (Rapid Credit Facility) ва 5 йиллик муддат билан (3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда) фоиз ставкаси йиллик 1,05 фоизга тенг бўлган 250 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тезкор молиялаштириш инструментини (Rapid Financing Instrument) олади.

Мазкур маблағ Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши кураш жамғармасига коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш чораларини молияштириш учун йўналтирилади.

ХВЖ қарзларни тақдим этиш жараёнида давлат қарзига хизмат кўрсатиш хатарларини ҳамда мамлакатдаги макроиқтисодий ҳолатни таҳлил қилади. ХВЖ томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича юқори салоҳиятни сақлаб қолмоқда.

ХВЖнинг мақроиқтисодий ҳолат бўйича прогнозлари қуйидагиларни ўз ичига олган:

  • иқтисодий ўсишнинг 1,5 фоизгача пасайиши;
  • фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбатан 4,1 фоизгача ошиши, шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган харажатларнинг, ижтимоий кўмак учун тўловлар ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бошқа харажатлар ошган даврда солиқ имтиёзларининг тақдим этилиши;
  • экспорт тушумларининг ҳамда халқаро пул ўтказмаларининг миқдори сезиларли даражада қисқариши оқибатида тўлов балансининг жорий операциялари бўйича тақчиллигининг ЯИМга нисбатан 10% гача ошиши.

Мазкур қарз маблағларидан фойдаланиш жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида амалга оширилган харажатлар устидан Ҳисоб палатаси томонидан мустақил аудит амалга оширилади ҳамда аудит натижалари молия йили якунидан сўнг 6 ой мобайнида эълон қилиб борилади, дейилган вазирлик хабарида.