Аввалроқ Тошкентда 31 ёшли эркак ўлдирилиб, мурдаси бўлакларга бўлиб ташлангани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур жиноятни содир этган шахслар қўлга олинди ва жиноят тафсилотлари маълум қилинди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 8 май куни соат 05:30 да Учтепа туман ИИБга фуқаро Нигора Пайзибекова мурожаат қилган ва 1989 йилда туғилган ўғли Равшан Раҳматуллаев 7 май куни, тахминан, соат 10:00 да ўз ишлари билан уйдан чиқиб кетгани ва шундан кейин қайтиб келмаганини маълум қилган.

Аниқланишича, Равшан Раҳматуллаев Юнусобод туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган Жамолиддин исмли фуқаро билан таниш бўлган. Жамолиддин 2020 йил январь ойида Равшандан ойлик тўлаб бериш шарти билан Spark машинасини сотиб олган. Бироқ Жамолиддин пулларни ўз вақтида тўламагани сабабли Равшан автомобилни қайтариб олган. Натижада Жамолиддинда Равшанга нисбатан адоват пайдо бўлган.

Суриштирувлар давомида Равшан 7 май куни, тахминан, соат 14:30 да Жамолиддиннинг уйига боргани маълум бўлган.

Маълум қилинишича, Жамолиддин Орифбоев олдиндан Мақсуд ва Севара исмли жиноий шериклари билан тил бириктириб, Равшанни Юнусободдаги уйига олиб киришга эришган.

Жамолиддиннинг сўзларига кўра, унинг мақсади Равшанни бирор жойга чақириб ундан пул олиш бўлган.

Унинг шериги Севаранинг айтишича, Жамолиддин ундан Равшанни унинг уйига олиб келишини сўраган. Севаранинг сўзларига кўра, Равшан биринчи бўлиб уйга кирган. Уйда Равшанни кутиб турган Жамолиддин ва Мақсуд дарҳол унга ташланган.

Мақсуднинг сўзларига кўра, биринчи зарбани айнан у берган, Равшаннинг юз қисмига қўли билан урган. Шундан сўнг Мақсуд арқон билан Равшаннинг оёғи ва қўлини боғлаган.

Жамолиддиннинг сўзларига кўра, Равшан унинг бу ишни қилишдан кўзланган мақсадини сўраган. Жамолиддин эса бу ишни пул учун қилаётганини айтган. Равшан офисида 50 минг доллар, уйида 30 минг доллар пули борлигини айтган. Жамолиддиннинг айтишича, Равшан рафиқасига қўнғироқ қилиб, Музаффар исмли таниши унинг уйига боришини ва унга 29 минг доллар бериб юбориши кераклигини айтган.

Жамолиддин Юнусобод тумани Марказ-5 мавзесида Равшаннинг таниши билан кўришиб, ундан пулни олган. Жамолиддиннинг таъкидлашича, Равшан бу ишлар ҳақида тегишли жойларга айтишини маълум қилган.

Бундан қўрққан Жамолиддин Равшанга аввал тирсаги билан зарба берган, кейин эса унинг юзига бита билан бир неча марта урган. Равшаннинг ўлиб қолганини билган Жамолиддин уни кўтаришга ва судрашга кучи етмагач, унинг қўли ва оёқларини танасидан узиб ташлаган ҳамда уларни кўмган. Шундан кейин ҳам унинг танасини кўтара олмагач, танани чуқурга судраб олиб бориб, уни ҳам кўмган.

Маълум қилинишича, Жамолиддинга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми ва 164-моддаси 3-қисми, Мақсудга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми, 1997 йилда туғилган Севарага нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми билан айб эълон қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.