Ўзбекистон бош вазири ўринбосари— инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Осиё инфратузилмавий инвестиция банки (ОИИБ) президенти Цзин Лицюн билан Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг жорий ҳолатини, шунингдек, коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган глобал инқироз ҳодисаларининг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш борасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар берди.

Фото: « Protoday»

Маълум қилинишича, мулоқот давомида Цзин Лицюн банкнинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор салоҳиятини ошириш ва республика ҳудудларида базавий инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қатъий ниятларини айтиб ўтди.

Жумладан, ОИИБ ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматини қўллаб-қувватлаш учун умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларининг барқарорлигини қўллаб-қувватлаш ва иш ўринларини сақлаш мақсадида банк раҳбарияти Ўзбекистондаги тижорат банкларига янги кредит линияларини ажратиш орқали қўшимча ресурсларни йўналтиришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати банк раҳбариятига ОИИБ инвестиция қўмитаси томонидан қиймати 156 миллион долларни ташкил этадиган Бухоро вилояти автомобиль йўллари инфратузилмасини модернизациялаш бўйича кенг кўламли лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида махсус кредит маъқуллангани учун миннатдорчилик билдирилди. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 1,3 миллиард долларни ташкил қилади.

Шунингдек, банк томонидан умумий қиймати 500 миллион доллар атрофида бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида автомобиль йўллари, аҳоли пунктлари учун сув ва иссиқлик таъминоти тизимларини реконструкция қилиш лойиҳалари учун узоқ муддатли имтиёзли кредитларни ажратиш жараёни қисқа муддатларда якунланиши маълум қилинди.