Сирдарё вилоятида Сардоба сув омбори деворининг ёрилиши натижасида юз берган фалокат оқибатида 6 киши — 2 нафар аёл, 4 нафар эркак ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган.

Аввалроқ фалокат оқибатида тўрт киши ҳалок бўлгани ва бир киши бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, сув тошқини ҳақида аҳолини огоҳлантириш ва эвакуация қилиш чоғида Миллий гвардиянинг уч нафар ходимини кучли оқим олиб кетган. Улардан бири тирик ҳолда топилгани, бири вафот этган ва яна бир нафари бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилганди.

Фавқулодда вазият туфайли Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган, ҳодиса оқибатида камида 56 киши турли даражада тан жароҳати олган, тошқин зонасида қолиб кетган юзлаб одамлар қутқарилган,

Президент Шавкат Мирзиёев 15 май куни сардобаликлар билан учрашувда сув тошқини оқибатида зарар кўрган уйлар давлат томонидан бепул таъмирлаб берилишини, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолишини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, шу куни сув тошқинидан жабр кўрган 4,5 мингдан ортиқ хонадон эгаларига 40 миллион сўмлик моддий ёрдам сертификати, маиший техника тўплами учун сертификат ва ичида пул маблағи бўлган банк карточкалари тарқатилиши маълум қилинди.