2020 йилда Жаҳон энергетик агентлиги нефтга бўлган талаб ҳажмининг тарихан мислсиз қисқаришини прогноз қилди. Айримлар буни нефть эрасининг интиҳоси дея баҳоламоқда. Бошқа мутахассислар эса карантиндан кейин нефтга бўлган талаб яна кескин кўтарилган тақдирда ҳам дунё энди ҳеч қачон нефть истеъмоли борасида 2019 йилги кўламга қайта олмаслиги эҳтимолига ишонмоқда. «Дарё» The Insider эълон қилган бу борадаги таҳлилий мақолани таржима тариқасида тақдим этади.
Тарихий миқёсларнинг қулаши
Одамзод ҳали коронавирусдан ҳимояланиш туфайли ҳукуматлар кўрган чоралар натижасида юзага келган иқтисодий инқироз кўламини баҳолаши керак. Ишлаб чиқаришларнинг ёпилиши, савдо ва бизнесининг тўхташи, йўловчи ташишнинг кескин пасайиши энергияга бўлган талабнинг ҳам тушиб кетишига олиб келди. Жорий прогнозлар кундан кунга ёмонлашиб бормоқда, инқироз эса авжига чиқяпти.
БМТнинг 1 апрель ҳолати бўйича берган прогнозларига кўра, жаҳон ЯИМ ҳажми 2020 йилда бир фоизга қисқариши тахмин қилинган эди. Орадан икки ҳафта ўтиб, Халқаро валюта фонди (ХВФ) эълон қилган прогнозда эса юзага келган вазият «Буюк карантин» деб изоҳланган ва жаҳон ЯИМ ҳажмининг пасайиши энди уч фоиз бўлади деган тахмин билдирилган. Шунингдек, ХВФ ривожланган мамлакатлар иқтисодиётининг йўқотишлари эса олти фоизгача боришини башорат қилмоқда.
Жаҳон нефть бозорида эса коронавирус инқирози «ҳамма ҳаммага қарши» қабилидаги нарх-наво урушини келтириб чиқарди. Натижада истеъмол ҳам, нархлар ҳам энг минимумгача тушиб кетди. Бу ўринда прогнозлар манфий кўрсаткичли рақамларни тақдим этмоқда. Март бошида Халқаро энергетика агентлиги жорий йилда нефть истеъмоли кунига 0,09 баррелгача қисқариши эҳтимоли ҳақида прогноз берган эди. Апрелда эса ушбу прогноз янада радикал тарзда қайта кўриб чиқилди.
Эндиликда кунлик нефть истеъмоли 9,3 миллион баррелгача камайиши башорат қилинмоқда. Бу эса тарихан мислсиз қулаш бўлади! Худди шундай прогнозни, шунингдек, Rystad energy аналитика гуруҳи ҳам тақдим қилди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, кунлик нефть истеъмоли ҳажми пасайиши 2020 йилда 9,6 миллион баррелга тушиб кетади. Жаҳоннинг йирик иқтисодиётларидан бири ва айниқса, нефть нархига боғланиб қолган иқтисодиёт сифатида бундан энг кўп жабр кўрадиган Россия Федерациясининг ЯИМ ҳажми жорий йилда 5,5 фоизга орқага кетишини ХВФ тахмин қилиб ўтди.
Ҳаммаси қачон қайта тикланади? Тикланадими ўзи?
Бу биринчи навбатда «Буюк карантин» қачон тугаши билан боғлиқ. Ҳозирча эса буни аниқ айтишнинг иложи йўқ. Кўплаб таҳлилчилар карантин тугагач, бизни кескин иқтисодий ўсиш кутмоқда, деган фикрда. Масалан, ХВФ 2021 йилда жаҳон иқтисодий ўсиши 5,8 фоиз бўлади деб тахмин қилган бўлса, Rystad жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларидаёқ нефть истеъмоли инқироздан аввалги даражага чиқади деб ҳисобламоқда (кунлик 100 миллион баррель). Халқаро энергетика агентлиги эса бу борада бироз скептик: улар декабрда ҳам истеъмол ҳажми пастлигича қолади, деган фикрда.
COVID-19 пандемияси кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда. Талаб ҳажмининг пасайиб кетиши ҳозирги таҳлилчилар ўйлагандан ҳам кўра чуқурроқ оқибатларга олиб келса-чи? Ҳозирги инқироз истеъмолчилик борасидаги қолипларни ўзгартирадиган, одамларнинг нефтга нисбатан муносабатини ҳам қайта кўриб чиқишга мажбур қиладиган туртки бермасмикан?
Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, дунё бўйлаб фойдаланилаётган нефть ҳажмининг 65 фоизи транспорт воситаларига ёқилғи сифатида сарфланади. Бу соҳада эса нефть истеъмоли бугунги кунда кескин тушиб кетган, чунки йўловчи ва юк ташиш ҳажми кескин камайган. Туризм ҳам қачон яна инқироздан аввалги даражасига қайтиши маълум эмас. Вирусдан қўрқиб қолган ва чўнтагида пули қолмаган собиқ сайёҳлар энди қачонгача уйдан чиқмасдан, ўз тупроғида қолавераркан? Қачон яна хизмат сафарлари бошланади?
Энди буёғига ҳамкорлар учун ўзаро мулоқот воситаси сифатида масофадан туриб музокара олиб бориш форматидаги учрашувлар кифоя қилаверадими? Карантин вақтида унча-мунча синовдан ўтказиб олинаётган «уйдан туриб ишлаш» амалиёти иш берувчилар томонидан карантиндан кейин ҳам сақлаб қолинишига ҳам шубҳа йўқ. Бу иш берувчига харажатларни камайтириш ва мақбуллаштириш имконини беради. Умуман олганда, кўпчиликка аввалдан маълумки, уйдан ишхонагача бўлган йўл кўпинча вақт ва моддий ресурсларнинг маъносиз сарфланишидан бошқа нарса эмас эди.
Нефть истеъмоли ҳажми пасайиши қачондан бошланади?
Айрим сценарийларда бу ҳодиса 2020 йилларнинг ўрталарида юз беришига ишора берилганига қарамай, яқин-яқингача таҳлилчиларнинг кўпчилиги нефть истеъмолининг ортиши 2030 йилларгача давом этади, деган фикрда эди. Нефть истеъмолининг ўсиши борасидаги прогнозлар, асосан, аҳолининг кўпайиш динамикаси ва Хитой ҳамда Ҳиндистон сингари мамлакатлар аҳолисининг харид қобилияти ортиши билан боғлаб амалга ошириб келинган.
Кутилмаганда юзага чиққан коронавирус омили энди инқироздан кейинги тикланиш даврини ҳисобга олган ҳолда нефть истеъмолига бўлган талаб ҳам бир муддат яна ҳали пасайишда давом этишига ишора бермоқда. Аниқки, кўпчилик одамлар инқироздан кейин анча камбағаллашиб қолади ва уларнинг харид қобилияти кескин тушиб кетади. Шу сабабли ҳам энди кўпчилик ўзининг аввалги истеъмол одатларини қайта кўриб чиқишига тўғри келади.
Инқироздан чиқиб келиш пайтида нефть истеъмоли ҳажми аста-секинлик билан ўсиб борган тақдирда ҳам унга ёндош равишда ривожланиб бориши кутилаётган углеродсиз транспорт технологияларининг тараққий этиб чиқиши ҳамда одамларнинг истеъмолчилик моделининг ўзгариши сабабли (масалан, энди автомобилдан индивидуал эмас, балки жамоавий фойдаланишга ўтилиши сабабли) катта эҳтимол билан барибир жаҳон нефть истеъмоли ҳажми энди ҳеч қачон 2019 йилдаги тарихий максимум даражага қайтмаслик эҳтимоли катта. Шунга кўра, ўтган 2019 йил тарихан энг кўп нефть истеъмол қилинган йил бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Табиийки, нефтга бўлган талабнинг ортиши ҳукуматлар кўраётган инқирозга қарши чораларнинг талабларига ҳам боғлиқ бўлади. Европа якдиллик билан инқирозга қарши ёрдам чораларида «яшил энергетика»га ўтишни рағбатлантириш йўлидан бормоқда. Ҳукумат таклиф қилаётган кўмак дастурлари бизнесдан қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишни талаб қилиш ва углеродсиз транспортдан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадларини кўзлаган. Халқаро энергетика агентлиги ҳам инқирозга қарши режаларда соф энергия манбаларига ўтиш бандини киритишга чақирмоқда. Айтилишича, инқироз «иқлимга дўст» энергия соҳаларини ривожлантиришга имкон яратмоқда.
Лекин барибир олдинга югуриб ўтиб кетиш керак эмас. Нефть истеъмоли максимуми 2019 йилда қолиб кетса ҳам яқин 10-15 йил ичида одамзод нефтга боғлиқ иқтисодиёт билан яшашига тўғри келади. Чунки карантин тугагандан кейин бизни яна ўша нефть асосида ҳаракатланувчи технологик реаллик кутиб турибди. Аэропортларда биз яна ўша самолётларга чиқамиз, гаражда ҳам ўша-ўша бензинда юрадиган машиналаримиз турибди. Ҳозир ҳамма «ҳеч ким олмаётган» лиммо-лим тўлиб кетган нефть омборлари ҳақида гапирмоқда. Халқаро энергетика агентлиги эса эски ва янги нефть конларига фаол сармоя йўналтирилмаса, жаҳон иқтисодиёти яқин йиллар ичидаёқ нефть танқислигига дуч келиши мумкинлигини прогноз қилган.
Нефтьни ҳаётимиздан бутунлай истисно қилинишига олиб келиши мумкин бўлган технологик ўзгаришлар эса нисбатан секин кечади. Шунга қарамай, коронавирус омили бу ўзгаришларни сезиларли тезлатиши мумкин. Ҳозирги инқироз шароити келажакда рўй берадиган «нефть эрасининг якуни» номли сценарий учун бош репетиция вазифасини бажариб бераётган бўлиши ҳам мумкин.
Изоҳ (0)