«Энергетик-БГУ» клуби ҳужумчиси Жасур Яхшибоев Беларусь матбуотига интервью берди.
— Нима учун айримлар сени рус тилини яхши билмаслигингни таъкидлайди?
— Тўлиқ тушунаман. Шундай экан кўрсатмаларда ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Бироқ атрофда кўплаб одамлар бўлса, уяламан ва хавотирга тушаман, шу туфайли гапиришга қийналаман.
— Бўш вақтни қандай ўтказасан?
— Кўчага чиқмайман, уйда қоламан. Баъзида жамоадошларимдан Play Station олиб тураман. Бироқ кўпинча кино ёки футбол томоша қиламан. Ҳозирда Беларусдан бошқа жойда футбол йўқ. Бироқ аввалги йиллардаги ўйинлар такрорий қўйилмоқда. «Барселона» ва «Арсенал» жамоаларини яхши кўраман. Менинг позициямда тўп сурувчи футболчиларни кузатиш ёқади.
— Сен аслида ҳужумчи эмассан, тўғрими?
— Ҳа, Антолий Юревич ўйинимни кўрди ва мени олдинги чизиққа қўйди. Минскка келгунимга қадар ўнг қанот ярим ҳимоясида ўйнардим. Франциялик футболчи Ҳотам бен Арфанинг ўйини ёқади, унда ажойиб дриблинг бор. Ҳужумда ҳаракат қилишни бошлаганимдан бери Мессининг ўйинини чуқур кузатяпман. У ҳужумчи ҳам, инсайд ҳам эмас — эркин ижодкор. Тўп билан марказга интилади. Мендан ҳам шуни талаб қилишади.
— Бизнинг қиш қандай экан? Совуқ эмасми?
— Аксинча. Жуда совуқ! Машғулотларда бош кийим, қўлқоп ва шарфдан фойдаландим. Ва, албатта, термокийим — усиз бўлмади. Ҳозир Беларусда ҳаво анча исиб қолди. Аммо ҳали ҳам кўчага футболкада чиқа олмайман. Ўзбекистонда эса барча аллақачон енги калта кийимларга ўтган, чўмилишмоқда ва қуёшда тобланишмоқда.
— Жазирамадан қочиш учун ўзбеклар мунтазам чойга таянадими?
— Ҳа, биз деярли кофе ичмаймиз. Чой — бизнинг анъанавий ичимлик. Марказий Осиёда унга аллақачон ўрганиб қолишган. Беларуслар чанқоқни қондириш учун совуқ чой ичётганини баъзида кўриб қоламан. Бу тўғри: у барча газли ичимликлардан кўра фойдалироқ.
— Ўзбекистонликлар жазирамани қандай ўтказади?
— Ёзда ўйин ва машғулотлар кечки соат етти ёки саккизларда бошланади, ундан олдин эмас. Бунга қадар халқ уйида жазирамадан сақланишга ҳаракат қилади
— Сен туғилган Чиноз қандай жой?
— У ерни балиқ шаҳри деб аташади. Сирдарё дарёсидан беш километр масофада жойлашган. Чинозда машҳур балиқ бозори бор. У жуда катта. Кечки соат саккиздан тонги тўртгача ишлайди. Чунки қолган вақтда ҳаво исиб кетади ва балиқ сифати пасаяди. Нарх? Килограмми 1,5 доллар атрофида бўлади. Кўплаб турлар бор: лаққа, сазан, судак... Мендан катта лаққа балиқлар бор — бўйи икки метр келади. Бозорнинг тўғрисида эса кўплаб ошхоналар бор, балиқни танлайсан ва ўша ернинг ўзида қовуриб беришади. Жуда мазали!
— Болалигингда ҳар куни балиқ ермидинг?
— Йўқ. Уйим олдида бошқа кичикроқ дарё бор — Чирчиқ. Биз у ерга боришни ва балиқ тутган ҳолда ўша ерда қовуришни яхши кўрардик.
— Палов тайёрлашни биласанми?
— Йўқ. Уни Минскда татиб кўрдим. Айтганча, шанба куни Мавату ва Атеменгни ош ейиш учун чойхонага олиб бордим. Улар «Uzbek good!», дейишди. Бироқ Ўзбекистонда у буткул бошқача. Одатда уни мол гўштидан тайёрлаймиз, бироқ тўйда қўй гўштидан тайёрласа ҳам бўлади — у фойдалироқ.
— Сенга ўзбек ошхонаси ёқса керак?
— Албатта! Манти, сомса, шўрва, лағмон. Минскда менга шулар етишмаяпти. Бу ердаги сомса ва шўрванинг мазаси биздагига яқинроқ. Аммо палов ҳақида бундай деб бўлмайди.
— Сизларнинг таомларингиз спортчи учун зарарли экани тўғрими?
— Жуда ёғли ва шу сабаб у зарарли. Бироқ биз бунга ўрганиб қолганмиз — бизга халал бермайди.
— Ҳозир Рамазон ойи. Сен фақат кун ботгандан кейин овқатланасанми?
— Ҳатто сув ичиш ҳам мумкин эмас. Қийин, бироқ ҳар куни бу фарзни адо этамиз. Энг қийини — биринчи ҳафта. Кейин кўникасан. Кеч кирганда бирданига кўп овқат ейиш мумкин эмас. Ошқозон бунга тайёр бўлмайди, қорин оғрийди. Аввалига кам-камдан — шоколад, сув, қандайдир ширинлик. Бир-бир ярим соатдан кейин овқатланиш мумкин.
—Машғулот ва ўйинларга кучни қаердан оласан?
— Кўпроқ ухлаш керак, ўшанда ҳаммаси жойида бўлади — куч ҳам, тетиклик ҳам. Агар тўйиб ухласанг, очлик билинмайди. Аксинча бўлса, ошқозон овқат талаб қилади ва бу қийин.
— Уйингдан узоқда сенга нима етишмаяпти?
— Яқинлар билан суҳбат. Биз оилада беш фарзандмиз. Мен энг каттасиман. Укам ва уч нафар синглим бор.
— Минскда нимага кўникиш қийин бўлмоқда?
— Овқатга кўникиш мумкин. Бироқ биз мусулмон давлатмиз, менталитет бошқача. Шу сабаб, кўчада чекаётган ва айниқса ичаётганларни учратиш одатий ҳол эмас. Бунга ҳар куни гувоҳ бўласан.
— Мен биринчи марта чет элга кетганингни назарда тутяпман.
— Менимча, бунданда баттар бўлиши мумкин эди. Бироқ уйимдан узоқда яшашга кўникиб қолганман. «Пахтакор»да тўп сурган вақтим Тошкентда яшардим. Чинозга 2-3 ойда бир марта, бор-йўғи бир ҳафтага бориб келардим.
— Беларусь ва ўзбек бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?
— Ўз-ўзидан халқлармизда менталитет турлича. У собиқ иттифоқ мамлакатларининг ҳар бирига ўзига хос. Ўзбеклар жануб одамларидек, менимча, салгина қизиққонроқ. Бироқ мен хотиржамман. Тезда тутақиб кетмайман.
— Тошкент Минскдан каттами?
— Аниқ билмайман. Бироқ бизнинг пойтахт сўнгги тўрт йилда сезиларли даражада ўзгарди. У ерда кўплаб иншоотлар қурилди. Tashkent City ишбилармонлар маркази очилди. Унинг атрофида улкан хиёбон қурилди. Шаҳарда кўп қаватли бинолар кўплаб топилади. Чинозда эса бундайлари йўқ. Менинг она юртимда бир неча асрлар аввал жанглар бўлган. Буюк саркарда Амир Темур давридан буён Чинозда улкан тепаликлар бор. Улар бир-биридан уч километр оралиқда жойлашган. Улар душманни аниқлаш ва унинг ҳаракатини кузатиш учун махсус барпо қилинган.
— Айтишларича, мамлакатда иқтисодиёт катта кўламда ривожланмоқда?
— Бу тўғри. Бизда ҳозир жуда яхши президент бор. Йилдан йилга мамлакатда яшаш шароити яхшиланмоқда. Марказий Осиёда Ўзбекистон қолган мамлакатлардан олдинда.
— Мамлакатинг гиламлари билан машҳур. Уйингда улардан нечта бор?
— У ҳар бир хонадонда бор. Ҳар бир хона полига тўшалган. Авваллари деворларга ҳам илинарди, бироқ ўн йилларча олдин бундай қилмай қўйишди. Гиламсиз сен ўзбек эмассан. Агар у бўлмаса биз ўзимизни ноқулай ҳис қиламиз. У билан иссиқроқ, гиламнинг ўзида ухлаш мумкин.
— Ўзбекистонда футболдан кейинги иккинчи спорт тури боксми?
— Шундай. Бизда кучли боксчилар бор. Уларни бутун дунё танийди! Риодаги Олимпия ўйинларида учта олтин медалга сазовор бўлишди. Исталган болакайдан сўрасангиз, у футболчи ёки боксчи бўлмоқчи эканини айтади.
— Сизларда сунъий қопламали майдонлар кўпми?
— Етарли даражада. Бироқ чемпионат баҳсларида ундан фойдаланилмайди. Ўзбекистон жуда иссиқ. Бунинг устига синтетика майдонда тўп суриш жуда қийин бўлади. Сунъий майдонлар — оддий одамлар учун, улар тўп тепиш учун кечки пайт тўпланади.
— Ниманинг ҳисобига сенинг юртингда кучли футболчилар етишиб чиқмоқда?
— Бизнинг футболчилар техникаси жуда кучли, бу борада улар беларуслардан кучли. Жисмоний ҳолат борасида бундай деб бўлмайди. Югуриш, туртиш ва курашда у қадар кучли эмасмиз. Яъни Ервопада тўп суриш учун техника етарли даражада, жисмоний ҳолат эса етмайди.
— Сизларнинг жамоаларингиз ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатларида ғолиб чиққан.
— Улар мунтазам Жаҳон чемпионатларида иштирок этади. Катталар терма жамоаси эса ҳеч қанақасига у ерга етиб бора олмаяпти. Мунтазам бир қадам етмай қолади. Умуман олганда бизда иқтидорли болакайлар жуда кўп. Бироқ барчада ҳам шуғулланиш учун шароит мавжуд эмас. Пойтахтдан узоқдаги оилаларнинг кўпчилиги боласини Тошкентда олиб кела олмайди. Баъзилар ҳатто бутса сотиб олиб бера олмайди. Мен аввалроқ ўзимни мисол келтиргандим. Бувим билан ҳар куни поездда Тошкентга қатнар эдим. Бутсани эса унинг нафақасига олганмиз.
— Январь ойида ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Португалиянинг бешта карра чемпиони Любинко Друлович қўл остида ҳаракат қилдинг. У қандай мураббий?
— Кучли мураббий. Бир неча йил аввал унинг қўл остидаги Сербия ёшлари Европа чемпионига айланган. Инсонийлик томондан ҳам унда ҳаммаси жойида. Агар бошқача бўлса, сен яхши футболчи бўла олмайсан.
— Ўзбек футболи юлдузларидан ким билан танишсан?
— Бизда энг машҳури — Элдор Шомуродов. Хитойда тўп сурувчи Одил Аҳмедов бор — терма жамоа сардори. Бироқ Шомуродов ҳар бир ўйинда гол урмоқда ва уни кўпроқ яхши кўришади. Элдор энг юқори спорт формасида, ҳозирда унинг юлдузлик вақти. Уларнинг иккиси билан ҳам терма жамоа сафида бирга тўп сурганман. 2018 йилда Эрон ва Уругвайга қарши сафардаги ўртоқлик ўйинларида захирадан майдонга тушгандим.
— Ўша вақтда терма жамоани машҳур Эктор Купер бошқарармиди?
— Йўқ. У ўйинлар май ва июнь ойларида ўтказилган. Купер эса августда келганди. Мени терма жамоа йиғинларига чақирган. Бироқ 2019 йилнинг январида бўлиб ўтган Осиё Кубогига олиб кетмаган.
— Ўзбек футболидаги энг обрўли шахс ким?
— Миржалол Қосимов. Ўтган йили ОКМКда унинг қўл остида ҳаракат қилдим. «Ротор» ёрдамчи мураббийи — Максим Шацких. «Пахтакор» спорт директори Жафар Ирисметов. Албатта, машҳур ҳакам Равшан Эрматов. Уни ҳамма ҳурмат қилади, ҳозирда у федерация вице-президенти.
— Осиё Чемпионлар Лигасида қайси юлдузлар билан тўқнаш келгансан?
— Испаниялик футболчилар — Хави, Габи ва Альваро Негредо. Нидерландиялик Снейдер билан. Ажойиб футболчилар! Уларнинг ҳаракатлари, тўпга очилиши, майдонни кўра олиши! Хавининг ёнида уч футболчи, у эса уларни кўрдим демайди.
— «Пахтакор»да БАТЭ клубнинг собиқ ҳимоячиси Симич билан ўйнагансан. Эшитишимча, у борисовликлар сафига қайтиши мумкин экан.
— Ҳа. Марко — кучли футболчи. Бироқ ҳозир «Пахтакор» марказий ҳимоясида кучли маҳаллий ўйинчилар бор. Бу чизиқда рақобат жуда юқори ва Симич баъзида захирада қолиб кетмоқда. Менимча, бунга сабаб у мавсумлар оралиғида клубни тарк этгани бўлди.
— Шаҳбоз Умаров билан ОКМКдаги фаолиятга қадар танишмидинг?
— Ҳа. Тошкентдаги интернатда бирга ўқиганмиз. Кейин у «Пахтакор» академиясида ўйнади. Шаҳбоз ҳам пойтахтлик эмас, у Олмалиқдан. Биз билан ОКМКда Владислав Касминин ҳам бирга тўп тепган. Ажойиб йигит. Биз ҳар куни суҳбатлашиб турардик.
— «Энергетик» сени «Пахтакор»дан ижарга олди. Тошкентга чақиришмаяптими?
— Ҳозирча йўқ. Бироқ ўзим ҳам Европага кетишни истайман. Бунинг устига Шота Арвелаладзе билан ўртамизда тушунмовчилик бор. Бир марта мени алмаштиришди, жаҳлим чиқди ва унга қўл узатмадим. Ҳаммаси шундан бошланди. Захирада қолишни бошладим, майдонга эса фақат 10-15 дақиқага тушар эдим. Бу вақт ичида нимага улгуриш мумкин? Шу тариқа тўпни сезиш ва ўйин темпим пайсайди, формамни йўқотдим. Тўпни қабул қилганимда у билан нима қилиш кераклигини эслай олмасдим. Борган сари ёмон ўйин кўрсата бошладим.
Ҳатто яхши ҳаракат қилсам ҳам кейинги ўйинни захирадан бошлардим. Бу руҳий томондан азоб беради. «Энергетик»даги ҳолатим буткул бошқача. Мураббийлар менга ишонади. Жамоага кераклигим ва фойдам тегаётганини ҳис қиляпман. Менга бекорга ишонч билдирилмаётганини исботламоқчиман.
— Борисов ва Слуцкдаги ўйинларда учта пенальтини муваффақиятли бажардинг. Бунга қадар Ўзбекистонда бу ишни кўп амалга оширганмисан?
— Бирор марта ҳам тепмаганман. Мавсум бошланишидан аввал эса мени асосий пенальти тепувчига айлантиришди. Бу мен учун янги чақирув бўлди.
— Чемпионатда қанча гол уришни хоҳлайсан?
— Ҳар бир ўйинда гол ёки самарали узатма амалга оширишни истайман.
— Мавсумлар оралиғида машғулотларда қаттиқ чарчадингми?
— Жуда. Ўзбекистондаги юкламалар бу ердагига яқин ҳам кела олмайди. Шу сабаб оғир бўлди. Мураббийлар буни англади ва баъзида дам олиш имкониятини тақдим этди. «Горка» деб аталадиган машғулот бор. Бутун жамоа югураётган вақтда баъзида уни ўтказиб юборишимга рухсат беришарди.
— Қачон Минскдан Ўзбекистонга қайтмоқчисан?
— Ёзда боришни хоҳлагандим. Чинозда тўй қилмоқчи эдик. Бироқ ҳозир чегаралар ёпиқ, шу сабаб уни кузга қолдиришга тўғри келади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)