Россия президенти Владимир Путин 9 май куни ўтказиш кўзда тутилган Ғалаба парадини ўтказишни коронавирус пандемияси туфайли кейинга қолдирган эди. Унинг ўрнига Россиянинг 47 та шаҳрида ҳаво паради ўтказилади.
Москвада 9 май куни ноқулай об-ҳаво бўлиши прогноз қилинаётгани сабабли шаҳар бўйлаб булутларни тарқатиш амалга оширилади. «РИА Новости»нинг хабар беришича, Москва шаҳар Бош назорат бошқармаси бошлиғи Евгений Данчиков буни парвозлар хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шарти деб айтган.
«9 май куни булутлар тарқатиш амалга оширилади, лекин бу фуқаролар кўчага чиқиб, Москвада ҳаракатланиш бўйича қўйилган чекловларни бузиши мумкин, дегани эмас», — деган Данчиков. Унинг айтишича, ҳаво парадини телевизор ёки уни кузатиш мумкин бўлган уйларнинг деразаларидан томоша қилиш мумкин.
«ТАСС»нинг ёзишича, Москвадаги авиация парадига 75 та самолёт ва вертолёт, шу жумладан, қирувчи самолётнинг бешинчи авлоди бўлган «Су-57» самолётлари жалб этилади. 4 май куни Москвада унга тайёргарлик машғулотлари бўлиб ўтган.
Изоҳ (0)