Мирзо Улуғбек тумани маъмурий судида 5 май куни Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қилгани юзасидан суд иши бўлиб ўтиши эълон қилинди. Кейинроқ суд иши бошқа вақтга қолдирилгани ҳақида айтилди.

Фото: Instagram / @yulduzusmonovaibragimovna

ЎзА суд мажлиси қолдирилганининг сабаби номаълум эканлиги, Юлдуз Усмонованинг судга келмагани ҳақида хабар берди.

6 май куни Ўзбекистон Олий суди оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаат қилди. Мурожаатда Юлдуз Усмонованинг иши судга ошмагани ҳақида айтилади.

«Ҳозирги пайтга қадар фуқаро Юлдуз Усмоновага оид иш материаллари судга келиб тушмаган. Ушбу иш суриштирув органи томонидан судга тақдим этилиши билан суд мажлиси ўтказилади ва қонун доирасида кўриб чиқилади», — дейилади Олий суд баёнотида.

Аввалроқ Юлдуз Усмонова тергов жараёни тугагунича шаҳардан чиқа олмаслигини айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, Юлдуз Усмонова ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қилгани акс этган видеоси тарқалганидан кейин шу кунларда ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Ўзбекистон халқ артистининг кечирим сўраганига қарамай, унинг қилмишига қонуний баҳо берилишини талаб қилмоқда.