Telegram’да шахсий канал очиб, ахлоқсиз материаллар тарқатган 19 ёшли коллеж ўқувчиси жаримага тортилди. Бу ҳақда «Дарё»га Марҳамат тумани Маъмурий суди маълум қилмоқда.

Судья Акмалжон Алижоновнинг айтишича, 2001 йилда туғилган фуқаро Ж.А. Telegram ижтимоий тармоғида ахлоқсизликни тарғиб қилувчи канал очиб, 25 дан ортиқ порнографик мазмундаги расм ва видео жойлаган. Бундан ташқари каналда аёллар исмини ёзиб, ўзгалар телефон рақамини оммага тарқатган. Шунингдек, ўзига нотаниш бўлган М.Т.ни «енгил табиатли аёл» деб ҳақорат қилган.

Суд Ж.А. ишини кўриб чиқиб, уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ҳамда 189-моддасида (Порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) айблаган ва 1 миллион 115 минг сўм жарима жазосини тайинлаган.

Ҳуқуқбузарга тегишли телефон хотирасидаги порнографик материаллар ўчирилиб, мусодара қилинган.