Футбол бўйича Франция чемпионатининг 2019/20 йилги мавсуми давом эттирилмайди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Эдуард Филипп маълум қилган.
«Мамлакат ҳудудида сентябрга қадар йирик спорт мусобақаларини ўтказиб бўлмайди. 2019/20 йилги футбол мавсуми қайта бошланмайди», — дейди Филипп.
Таъкидланишича, Франция ҳукумати барча жамоавий спорт турларини сентябрга қадар бекор қилган. 11 майдан бошлаб фақат яккалик спорт турларини бошлашга рухсат этилади. Агар инфекциянинг тарқалиш даражаси пасаймаса бу муддат узайтирилиши мумкин.
Шу тариқа, Лига 1 ва Лига 2 мусобақалари 2020/21 йилги мавсум бошланадиган август ойига қадар ўтказилмайди. Бу эса жорий мавсумнинг муддатидан аввал якунланишини англатади.
Франция футбол федерацияси келаси ҳафтада жорий мавсум якунларини муҳокама қилади. Унда жамоаларнинг жадвалдаги жойлагшуви, Еврокубоклар иштирокчилари ва мусобақани тарк этадиган клублар масаласи кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, Франция чемпионати коронавирус пандемияси сабаб 28-турга келиб тўхтаб қолган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)