Ижтимоий тармоқлар 27 апрель оқшомида Бухорода олинган қўрқинчли фото ва видеоларга тўлди — кўз очирмай қўйган ёмғир аралаш кучли шамол (бўрон деса ҳам бўлаверади) оқибатида уйларнинг томлари учган, дарахтлар ағанаган. Туркманистон ҳудудидан кириб келган ушбу табиат ҳодисаси Бухорода тўхтаб қолмаслиги, шарқ томон ҳаракатланиб, 28 апрель куни пойтахтга ҳам етиб келиши ҳақида аввалроқ «Ўзгидромет» огоҳлантирган эди.
«Ўзгидромет» кучли шамол деганда айнан нимани назарда тутгани Бухоро манзаралари тарқалгач ойдинлашди. Афтидан, шу сабаб ярим тунда пойтахт ҳокимлигининг Telegram’даги каналида: «Автомобильларингизни дарахтлардан узоқроқ, хавфсиз жойга қўйишингизни илтимос қиламиз», деган мурожаат пайдо бўлди, шаҳар маҳалла ва мавзеларида эса ИИБ ходимлари аҳолини шамолдан огоҳлантириш билан шуғулланди.
Аҳоли табиат инжиқлари арафасида расмийлар томонидан бундай ғамхўрлик кўрсатилганини эслай олмаса керак. Бунақаси бўлмаган, деса ҳам бўлади, шекилли.
Изоҳ (0)