Андижондаги ФҲДЁ бўлимлари 1 апрелдан 24 апрелга қадар 3656 та туғилганлик ҳолатини қайд қилган. Энг кўп туғилиш Андижон шаҳри, Асака ва Шаҳрихон туманларида кузатилган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, карантин бўлишига қарамасдан вилоятдаги ФҲДЁ бўлимларида 25 мартдан буён навбатчилик асосида кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардаги туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш давом этмоқда.
ФҲДЁ органлари ДХА тасарруфига ўтказилган кун — 1 апрелдан 24 апрелга қадар туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимларига 4 442 та мурожаат келиб тушган. Улар асосида 3656 та ҳолатда туғилганлик ҳамда 786 та ўлим ҳолати қайд қилинган. Энг кўп туғилиш ҳолати Андижон шаҳрида — 648 та, Асака туманида — 482 та, Шаҳрихон туманида — 308 тани ташкил этган.
Бундан ташқари узоқ йиллардан буён шаръий (норасмий) никоҳ асосида яшаб келаётган 16 та оиланинг никоҳи белгиланган тартибда қонунийлаштирилган.
Изоҳ (0)