Ёзги трансфер ойнасининг сўнгги ҳафталарида “Барселона” ярим ҳимоячи Дани Ольмо билан хайрлашишга тайёр экани ҳақида хабарлар тарқалди. Fichajes нашрининг ёзишича, каталонияликлар Англия Премьер Лигаси ва Саудия Арабистони Про Лигасидан тушадиган таклифларни кўриб чиқишга тайёр.

Унга кўра, раҳбарият футболчининг тез-тез жароҳат олиши, шунингдек, Фермин Лопеснинг ёрқин ўйини ортидан бундай қарорга келган. Шунингдек, “Барселона” устози Ҳанси Флик Рафиньяни айнан Ольмо тўп сурадиган позицияда синаб кўришни режалаштирмоқда. Чап қанотни эса Маркус Рашфорд орқали кучайтиришни мақсад қилган. Гави ҳам 4-2-3-1 схемасида “яширин ўнлик” ролида ўйнай олади. Буларнинг барчаси Дани Ольмонинг “Барселона”да кетиш эҳтимолини оширади.
“Кўк анорранглилар” ёзги трансфер ойнасида катта миқдорда даромад олишни, шу орқали янги футболчиларни Ла Лигага рўйхатдан ўтказиш ҳамда молиявий мувозанатни тиклашни режалаштирмоқда. Шу сабабли клуб Дани Ольмони тахминан 60 миллион евро эвазига сотиб юбориши мумкин.
Манбага кўра, испаниялик ярим ҳимоячи учун Лондоннинг “Тоттенҳэм” клуби асосий даъвогар бўлиб турибди. Бундан ташқари, Саудия Арабистонининг бир нечта клублари ҳам Ольмо учун катта миқдорда таклиф тайёрламоқда.
- Дани Ольмо ўтган мавсум “Барселона” сафида жами 39 учрашувда майдонга тушиб, 12 та гол ва 7 та ассист муаллифига айланган.
- Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йил ёзигача мўлжалланган.
- Transfermarkt портали унинг трансфер қийматини 60 миллион еврога баҳолаган.
Изоҳ (0)