ИИБ ходимларининг қонуний талабини бажармай, карантин постида жанжал кўтарган пастдарғомликлар 15 суткага қамалди, дея хабар беради «Дарё» мухбири.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 19 апрель куни соат 15:00 да фуқаролар И.А. ва Б.Х. спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолда Пастдарғом тумани «Чархин» ЙПХ маскани олдидаги карантин постидан ўтмоқчи бўлган. Фуқаролар постда хизмат олиб бораётган туман ИИБ ва ЙҲХБ ходимларининг ҳужжатларини тақдим этиши ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмай, жанжал чиқарган. Шунингдек, оммани ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармасликка даъват қилган.
Пастдарғом туман Маъмурий суди судьяси В.Файзуллаевнинг «Дарё»га маълум қилишича, суд мажлисида И.А. ва Б.Х. ўз айбига иқрорлик билдириб, оилавий шароити ва моддий аҳволини инобатга олиб қонуний енгиллик сўраган.
Суд ҳукмига кўра, И.А. ва Б.Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддасида кўрсатилган (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) маъмурий ҳуқуқбузарликларини содир этганликда айбли деб топилиб, 223 минг сўм жарима ва 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазоланган.
Изоҳ (0)