Нидерландия ҳукумати коронавирус сабаб 1 сентябрга қадар мамлакатда профессионал футбол мусобақалари ўтказишни тақиқлаб қўйди.
Football Oranje нашрининг хабар қилишича, ўйинлар ҳатто томошабинларсиз стадионда ҳам ўтказилмайди. Аввалроқ Нидерландиянинг турли шаҳарлари раҳбарлари мусобақаларни ва янги мавсум бошланишини 1 сентябрга қадар тўхтатиш фикри билан чиққанди.
Шу тариқа Эредивизиянинг жорий мавсуми муддатидан аввал якунланиши мумкин. Энди Нидерландия футбол иттифоқи УЕФА билан Еврокубокларда қайси жамоалар иштирок этиши борасида келишувга эришиши керак. Аввалроқ мамлакат чемпионати 2020 йилнинг июнь ойидан давом эттирилиши мумкинлиги хабар берилганди.
Нидерландия чемпионати коронавирус пандемияси сабаб 26-турга келиб тўхтаб қолган. Мусобақа жадвалида 25 ўйинда 56 очко жамғарган «Аякс» пешқадамлик қилмоқда. Худди шунча очко йиққан АЗ клуби иккинчи ўриндан жой олган.
22 апрель ҳолатига Нидерландияда коронавирус юқтириб олганлар сони 34 мингдан ошди. 4 минг нафарга яқин одам вафот этган, тузалганлар сони 914 кишини ташкил этмоқда.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)