Юнусобод туманида йўл-патрул хизмати ходимларининг тўхташ тўғрисидаги талабларига бўйсунмаган Captiva дарахтга бориб урилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 15 апрель куни соат 19:50 ларда Captiva русумли автомобилнинг 23 ёшли ҳайдовчиси Халқобод кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмай ҳаракатланишда давом этиб, бошқарувни йўқотган ва дарахт билан тўқнашув содир этган.
Шундан сўнг ҳайдовчи тўқнашувни расмийлаштириш учун келган ЙПХ инспекторларининг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилиб, уларга бўйсунмай ҳақоратли сўзларни ишлата бошлаган.
Шунга қарамай тўқнашув расмийлаштирилган, ҳайдовчи спиртли ичимлик истеъмол қилгани маълум бўлган.
Ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига кўра маъмурий далолатномалар тузилиб, автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилган. Тўпланган материаллар Юнусобод туман маъмурий судига топширилган.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)