Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Hermès модалар уйи дўкони карантиндан сўнг 11 апрель куни иш бошлади. Биринчи иш кунида бренд 19 миллион юань, яъни 2,7 миллион доллар даромад кўрди, деб ёзади Esquire.
Taikoo Hui Guangzhou нуфузли савдо марказида жойлашган дўкон харидорларни жалб қилиш мақсадида кам учрайдиган сумка моделлари, хусусан, Himalayan Birkin бриллиантлари ҳамда тимсоҳ териси билан безатилган сумкаларни тақдим этган. Тимсоҳ терисидан тикилган сумкалар дунёдаги энг қиммат сумкалар ҳисобланади.
Пандемия туфайли икки ойдан кўпроқ ишламаган дўкон очилишига Гуанчжоу маъмурий маркази ҳисобланадиган Гуандун провинциясидан бадавлат харидорлар ташриф буюрган. Харидорлар энг кўп сумка, интерьер жиҳозлари, оёқ кийим ва чармдан тикилган аксессуарлар сотиб олган.
Савдо-сотиқ соҳасидаги экспертлар ушбу ҳолатни Revenge Buying ёки «реванш харидлар» деб атайди. Бунда узоқ вақт мобайнида ўзига керакли буюмларни ўзига ёқадиган шароитда сотиб олиш имконига эга бўлмаган қимматбаҳо товарлар истеъмолчилари чекловлар олиб ташланганидан кейин қўлдан бой берилган харидлар ўрнини дарҳол тўлдиришга тушади.
Бироқ экспертлар фикрича, савдо-сотиқнинг кутилмаган тарзда тезлашиб кетишига қарамай Хитойда бозорни қайта тиклаш осон бўлмайди.
Изоҳ (0)